Бу ҳақда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича ҳисобот берган вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Оқбўтаев маълум қилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2023 йил ҳудудий инвестиция дастури доирасида вилоятда қиймати 1,3 миллиард долларлик 1642 та лойиҳани амалга ошириш орқали 22341 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Жорий йилнинг ўтган даврида дастур доирасида қиймати 1,2 миллиард долларлик 1227 та лойиҳа бажарилган ва 15776 та янги иш ўрни очилган. Бунинг эвазига ўртача 1 триллион сўмлик қўшимча қиймат яратилиб, солиқ базасини 250 миллиард сўмга кенгайтириш имконияти пайдо бўлган.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг январ-октябрь ойларида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 52,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 фоизга ўсиши таъминланди. Аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми 10,8 миллион сўмдан 12,6 миллион сўмга етди.
Шунингдек, маҳаллий бюджет тушумлари 3,5 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган режа 105 фоизга бажарилган.
– Аммо таҳлиллар натижасида бир қатор юридик корхоналарда товар айланмаси ва ишчилар сонини яшириш ёки камайтириб кўрсатиш ҳолатлари кузатилди, – деди О.Оқбўтаев. – Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида рўйхатдан ўтган 56 392 та юридик корхонанинг 15 592 таси фаолият кўрсатмаётганлиги аниқланди. Бундан ташқари, 495 та юридик корхона товарайланиш ҳажмини 2,9 триллион сўмга камайтирганлиги, 5323 та корхонада эса ҳисоботларда “0” ҳажм кўрсатганлиги маълум бўлди. Лекин товар айланма ҳажмини “0” кўрсатган корхоналар жами 40,1 миллион кВт/с электр энергиясидан фойдаланган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 434 та корхона 16,2 миллион кВт/с, Жомбойда 82 та корхона 13,7 миллион кВт/с, Самарқан туманида 157 та корхона 9,6 миллион кВт/с, Пастдарғомда 85 та корхона 4,4 миллион кВт/с ва Нуробод туманида 29 та корхона 4,4 миллион кВт/с электр энергия истеъмол қилган.
Худди шундай, 6 979 та корхонанинг банк айланмаси 2,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса-да, товар айланиш ҳажми “0” кўрсатилган. 6 199 та корхонада ишчилар сони йил бошига нисбатан 16 576 нафарга камайган, 7500 та корхона ишчилар сонини 1 нафардан кўрсатган бўлса, 10 493 та корхона ишчилар сонини “0” кўрсатган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири