Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича эркаклар ўртасида "Tour of Bostonliq" ва "Tour of Bostonliq Ladies" кўп кунлик халқаро турнир якунланди.
Турнирнинг эркаклар ўртасидаги уч босқичдан иборат 342 км. масофада кечган пойганинг сўнгги босқичида Япониянинг «VC Fukuoka» жамоаси аъзоси Бенжамин Прадес ғалаба қозонди. Шундай бўлсада, пойгани тўртинчи ўринда якунлаган Мўғулистон терма жамоаси аъзоси Тегшбаяр Батсайхан сариқ майкани ўзида сақлаб қолди ва мусобақа ғолибига айланди.
Хотин-қизлар орасида ташкил этилган "Tour of Bostonliq Ladies" кўп кунлик халқаро мусобақанинг сўнгги, учинчи босқичида спортчилар 106 километрлик гуруҳ пойгасида иштирок этди.
Оқтош тепалигидан бошланиб, «Green Hills» мажмуасида якунланган пойгада Қозоғистоннинг «Astana Dewi Team» жамоаси аъзоси Бота Батирбекова 3 соат 16 дақиқа 32 сония натижа билан биринчи бўлиб етиб келди. Бироқ биз учун қувонарлиси, мусобақа якунига кўра, умумий классификация бўйича терма жамоамиз аъзоси Янина Кусковага тенг келадигани топилмади. Ҳамюртимиз пойга якунига кўра ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, Я.Кускова уч босқич давомида сариқ майкани ҳеч кимга бермаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА