Тошкентда жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш йўлида навбатдаги муҳим ташаббус амалга оширилди — “Тошшаҳартансхизмат” АЖ ҳаракат таркибини янгилаш мақсадида Хитойнинг “Yutong” компаниясида ишлаб чиқарилган 202 дона замонавий электробусларни қабул қилиб олди.
Ушбу электробусларни таништириш мақсадида АЖ томонидан Яшнабод туманининг 2-автобус сайройида ОАВ ва блогерлар учун тадбир ташкил этилди.
Тадбирда “Тошшаҳартансхизмат” АЖ ҳамда Хитойнинг “Yutong” компанияси вакиллари, ОАВ ҳамда блогерлар, шу билан биргаликда, барча қизиқувчи фуқаролар ташриф буюришди.
Мутахассислариннг маълумот беришича, мазкур транспорт воситалари экологик тозалиги, энергия тежамкорлиги ва йўловчилар учун юқори даражадаги қулайлик билан ажралиб туради. Улар пойтахтдаги саккизта автобус саройи тасарруфида бўлиб, аҳолига сифатли, хавфсиз ва замонавий жамоат транспорти хизматларини тақдим этишга хизмат қилади.
Тан олиш керак, сўнгги уч йил, 2021–2023 йиллар давомида пойтахт жамоат транспорти тизими сезиларли даражада янгиланди. Шу даврда жами 1 500 дан ортиқ янги автобус ва электробуслар харид қилиниб, “Тошшаҳартансхизмат” АЖ парки 1 800 дан зиёд транспорт воситасига эга бўлди.
Бугунги кунда компания 163 та йўналиш бўйича кунига 1 500 дан ортиқ автобус қатновини таъминламоқда. Уларнинг ўртача интервали 10–12 дақиқа атрофида бўлиб, кунлик қатновлар сони 22 минг мартадан ошади.
Бундай янгиланишлар туфайли жорий йилнинг иккинчи чорагида Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони 1,4 миллион кишига етган.
Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоиз кўп дегани.
Шунингдек, йўналишлар тармоғи 2 990 километргача кенгайиб, автобусларнинг ўртача тезлигини 18 км/соатдан 21 км/соатгача оширган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси ўринбосари — Комилжон Қодиров: “Янги электробуслар учун техник хизмат, қувватлаш тизими ва хавфсизлик тўлиқ йўлга қўйилган”
“Тошшаҳартансхизмат” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Комилжон Қодировнинг сўзларига кўра, яқинда келтирилган 202 та янги электробус кафолатли асосда етказиб берилган бўлиб, уларнинг дастлабки созлаш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнлари Хитойнинг «Yutong» компанияси мутахассислари иштирокида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий усталар ва слесарлар ҳам махсус тайёрланиб, келгусида барча хизмат ишларини ўз кучи билан бажариш имкониятига эга бўлади.
Мутахассис таъкидлашича, электробуслар учун қувватлаш станцияларининг жойлашуви ҳам пухта режалаштирилган. Ҳар бир автобус саройи жойлашган туманлардаги йўловчи оқими таҳлил қилиниб, шу асосда зарур миқдордаги зарядлаш ускуналари филиалларга тақсимланган. Бу тизим транспорт ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлайди.
Янги электробуслар техник жиҳатдан ҳам такомиллашган. Уларнинг батареяси тўлиқ зарядлангандан сўнг 350–400 километр масофани босиб ўтиш имконини беради, бу эса аввалги моделларга нисбатан сезиларли ютуқдир. Зарядлаш жараёни эса атиги икки ярим соат давом этади.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электробуслар замонавий кузатув камералар тизими билан жиҳозланган. Бу тизим ҳайдовчиларнинг ҳаракатларини реал вақт режимида назорат қилиб боради. Агар ҳайдовчи томонидан ножўя ҳаракат кузатилса, масъуллар дарҳол алоқага чиқиб, камчиликни бартараф этади. Шу тарзда йўловчилар хавфсизлиги доимий назорат остида бўлади.
Бугун янги электробусларнинг жорий этилиши нафақат йўловчилар учун қулайлик, балки экологик хавфсизликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Электр энергиясида ҳаракатланадиган транспорт воситалари атмосферага чиқадиган зарарли газлар миқдорини камайтиради ва шаҳар ҳавосини тозалашга ёрдам беради.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Президентининг тегишли (2022 йил 8 июлдаги ПҚ–313-сон) қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Қарорда пойтахт жамоат транспорти самарадорлигини ошириш ҳамда экологик тоза транспорт воситалари улушини кўпайтириш вазифалари белгиланган.
Янги 202 дона электробус ва улар учун ўрнатилган 100 та қувватлаш станцияси натижасида “Тошшаҳартансхизмат” АЖда экологик транспорт улуши сезиларли даражада ошди. Компаниянинг узоқ муддатли стратегик режасига кўра, 2030 йилгача жами 1 200 та электробус харид қилинади. Натижада жамоат транспорти паркида электр транспорт воситаларининг улуши 60 фоиздан ортади.
Саидмаҳмуд Тошкенбоев: “Янги электробуслар туфайли йилига ярим минг тоннадан ортиқ зарарли газ чиқиндиларининг олди олинади”
“Тошшаҳартансхизмат” АЖ ҳаракат таркибининг шайлигини ошириш ва техник ҳолатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Саидмаҳмуд Тошкенбоэвнинг таъкидлашича, 2025 йилда пойтахтга келтирилган 202 дона электробуслардан фойдаланиш натижасида йилига қарийб 534,6 тонна зарарли газ чиқиндилари атмосферага тарқалишининг олди олинади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, шаҳарларда экологик мувозанатга энг катта таъсир кўрсатувчи омиллардан бири — бу транспорт воситаларидир. Айниқса, жамоат транспортида экологик тоза, электр энергиясида ҳаракатланадиган автобуслардан фойдаланиш — бу нафақат қулай, балки атроф-муҳит учун ҳам фойдали ечимдир.
Электробусларнинг яна бир афзаллиги — улар кун давомида узлуксиз ҳаракатланиб, кечаси қувватланади, бу эса жамоат транспорти тизимининг самарадорлигини оширади ва йўловчиларга тоза, сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради.
Шунингдек, Тошкенбоевнинг қайд этишича, “Тошшаҳартансхизмат” АЖ томонидан харид қилинаётган электробуслар бўйича тузилган шартномаларда батареялар ва аккумуляторларни утилизатсия қилиш жараёни ҳам ишлаб чиқарувчи завод зиммасига юклатилган. Яъни, бу техник хизматлар автобусларнинг бутун фойдаланиш муддати давомида ишлаб чиқарувчи томонидан амалга оширилади.
Тошкентда экологик тоза ва технологик транспорт тизимининг яратиб борилиши шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, аҳолига қулай шароитлар яратиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг давоми ҳисобланади.
Янги электробусларнинг йўлга чиқиши — пойтахт аҳолиси учун нафақат қулай сафар, балки тоза ҳаво, камроқ шовқин ва энергия тежаш жиҳатлари томонлама қулай шароитларни яратади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/DflX5thQ3pw?si=LvyW38Nf5MQdiLjB" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА