Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тошшаҳартрансхизмат” йўловчилар ҳақига хиёнат қилишни тўхтатсин!
12:19 / 2019-10-17

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши бош мутахассиси Лола МИРАЛИЕВА мулоҳазалари.


ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши бош мутахассиси Лола МИРАЛИЕВА мулоҳазалари.

Бугун барча соҳаларида янгиланиш жараёни кечмоқда. Жумладан, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш тизими ҳам тубдан ислоҳ қилиняпти. Айниқса, Тошкент шаҳрида бу борада қилинаётган ишлар эътиборга молик. Замонавий автобуслар келтирилиб, деярли барчаси GPS орқали назорат қилиняпти. Бекатларга лет таблолар, автобус салонига камералар ўрнатиляпти. Автобусларнинг илгаргидек бекатларда узоқ туриб қолиш ҳолатига чек қўйилди.

Бугун бу ютуқлар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Айтилавериб, ёзилавериб сийқаси чиққан мавзу ҳақида яна ёзмоқчимиз. Тўғри, “Тошшаҳартрансхизмат” ҳайдовчи ва чиптачилар масъулиятини ошириш, йўловчиларга маданиятли хизмат кўрсатиш, ҳақига хиёнат қилмаслик бўйича ҳам кўп ишларни амалга оширяпти. Лекин ҳайдовчи ва чиптачилар ҳамон тартибга амал қилмаяпти, йўловчиларга қўпол муомалада бўляпти, ҳақига хиёнат қилиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Бунга ҳар куни ўзимиз ҳам гувоҳ бўляпмиз, баъзан жабрини ҳам тортаяпмиз.

“Тошшаҳартрансхизмат”га йўналтирилган айбловларни янада исботлаш мақсадида ижтимоий тармоқ орқали пойтахтликларнинг “Сиз шаҳар транспорти хизматидан розимисиз?” мавзусида фикрларини ўргандик. Кўпчилик автобусларнинг бекатларга вақтида келиб-кетиши, тозалигидан рози, аммо ҳайдовчи, айниқса, чиптачилар яна ҳаддидан ошаётганини эътироф этишган. Чиптачилар йўлкира ҳақи 1400 сўм эмас, 1500 сўм қилиб белгилаб олганига эътироз билдиришган. Бу бўйича қолдирилган фикрлар билан танишинг.

“Шаҳар транспортидан ҳар куни фойдаланаман. Йўлкира 1400 сўм бўлгандан сўнг чиптачилар бироз вақт 1500 сўм берсангиз 100 сўм қайтим бериб турди. Ҳозир эса умуман қайтим бермай қўйди. “Опажон, майдам йўқ эди” деб бир-икки бор узр сўраса тушунамиз, лекин бу сурункали касалликка айланди”.
***
“Кеча автобус ҳайдовчиси менга жуда қўпол муомалада бўлди, “Тошшаҳартранс” ишонч телефонига мурожаат қилишга ҳам мажбур бўлдим”.
*** 
“Қўйлиқ-Юнусобод” йўналиши бўйича қатнайдиган 93-сонли автобусда бир “барзанги” чиптачи йигит бор. Умуман қайтим бермайди. Бир куни қайтим сўрасам, жаҳл қилиб юз сўмлик чақани юзимга отди”.
***
“Юз сўм кимлар учундир арзимас бўлиши мумкин, лекин бу менинг пешона терим! Агар чиптачига 100 сўм кам берсам, албатта, эътироз билдиради. Дўкончига юз сўм тўлик берсам, албатта нон бермайди”. 
***
“Чиптачилар қачон йўловчилар ҳақига хиёнат қилишдан тўхтайди? Бекатда текширувчилар баъзан чипта олмаган йўловчини жаримага тортишга ҳаракат қилади, аммо халқ ҳаққига хиёнат қилаётган ҳамкасбига эътироз билдирмайди”. 
***
“Тошшаҳарйўловчитранс” барча автобусларни GPS орқали назорат қиляпмиз, деб кўп мақтанади. Лекин улар баъзи ҳайдовчилар кеч бўлганда йўналишини ўзгартиришини наҳот билишмаса? Масалан, 93-йўналишдаги автобуслардан бири охирги қатновини шимолий вокзал орқали амалга оширганига кўп гувоҳ бўламан. Худди шахсий автобусидек ҳатто бунинг учун йўловчилардан рухсат ҳам сўрамайди. “План”и бормиш. Нима, бошқа автобусларда “план” йўқми? У ўзининг “план”ини ўйлаб, вокзал орқали шу йўналишда қатнаётган бошқа ҳамкасбининг “план”ига зарар етказаётганини наҳот билмаса?!”
*** 
“Биламиз, автобусда чекиш мумкин эмас, лекин ҳайдовчи ва чиптачилар бемалол чекиб кетаверади. Улар учун салонда аёллар, ёш болаларнинг борлиги қизиқ эмас. Автобусда улар ўзи хон, кўланкаси майдон”.
***
“Баъзан эрталаб ишга кетаётганингда ёки кечқурун ишдан қайтаётганингда автобус ҳайдовчилари шунчалик баланд овозда қўшиқ қўядики, дод дегинг келади. Маъносига тушунсак ҳам майли эди. Одамга руҳий қувват берувчи классик мусиқаларни паст овозда қўйсин, бунга қарши эмасмиз”.

Хуллас, йўловчиташиш билан боғлиқ бундай нохуш ҳолатлар ҳар бир автобусда учраяпти. Юқорида таъкидланганидек, бу сурукали касалликка айланяпти. Агар тезроқ олди олинмаса газак олиши турган гап. Шу боис, таклифимиз “Тошшаҳарйўловчитранс” раҳбарлари ҳам (назоратчилар эмас) кун бўйи курсида ўтирмай, баъзида йўлкира тўлаб автобусда бир-р шаҳар айласин. Шунда улар ҳам юқоридаги каби реал ҳолатни ўз кўзлари билан кўради. Акс ҳолда, жабрини йўловчилар тортаверади-тортаверади. Биз эса бир куни фойдаси бўлиб қолар деган умидда бу ҳақда ёзаверамиз-ёзаверамиз.