ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни пайтда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 30,7 мингдан ортиқ хонадонда томорқа мавжуд бўлиб, экин майдони 3 минг 248 гектарни ташкил этади.
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида тумандаги ҳар бир маҳалла муайян экин турига ихтисослаштирилган ва шу асосда иқтисодий драйверлар белгилаб олинган. Натижада томорқаларда турли кўкатлар, редиска, картошка, карам, помидор, бодринг, пиёз, цитрус мевалари, қулпунай ва полиз маҳсулотлари етиштиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Сўнгги йилларда илғор агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажми, сифати ва экспорт салоҳияти ортиб бормоқда. Жумладан, Найманбўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Нурали Соипов хонадонидаги 7 сотихли иссиқхонада ҳар йили ўртача 750–800 минг туп карам кўчати етиштирилиб, сотиш орқали 400 миллион сўмга яқин даромад олинади. Айни пайтда иссиқхонада 20 хил навга мансуб 300 мингдан ортиқ карам кўчатлари парваришланмоқда. Бу жараён бошоқли дон экинларидан бўшаган ерларга такрорий экин экиш давригача давом этади ва иссиқхонада икки-уч марта ҳосил олиш имконини беради.
Хўжаариқ маҳалласида яшовчи Фарҳод Маткаримов замонавий иссиқхонада Жанубий Корея тажрибаси асосида йил давомида қулпунай етиштиришни йўлга қўйган. Шунингдек, хонадонда аччиқ қалампир, помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатлари тайёрланиб, буюртма асосида туман аҳолисига етказиб берилмоқда. Оила аъзолари ҳар йили қулпунай етиштириш орқали 120–150 миллион сўм даромад топмоқда.
[gallery-27701]
Арабмозор маҳалласида ҳам деҳқончилик асосий иқтисодий йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳозирда маҳаллада 750 дан ортиқ хонадон томорқасидаги иссиқхоналарда турли сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Илҳомжон Мадғозиевлар оиласи иссиқхонасида асосан лимон парваришланади. Шу билан бирга, ўтган йилдан томорқанинг бўш ер майдонида истиқболли лойиҳа сифатида беданачилик йўлга қўйилди. Ҳозирда япон зотига мансуб 6 минг бедана парваришланиб, шундан 4,5 мингтаси кунлик тухум бермоқда. Бу фаолият орқали оила ойига ўртача 54–55 миллион сўм даромад олади.
Тошлоқ тумани камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими мутахассислари жорий йил учун ҳар бир маҳалла кесимида ишлаб чиқилган микролойиҳалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда. Шунингдек, илғор томорқачиларга имтиёзли банк кредитлари, субсидия ва ссуда маблағлари ажратиш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА