Кечагина Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Ўқчи маҳалласидаги пастқам уйлар, илон изи кўчалар бузила бошлаган эди. Ўшанда унинг ўрнида бугунгидек ҳашаматли осмонўпар бинолар барпо бўлишини кўплар ўйламаган. Лекин шундай бўлди.
Бу воқелик аслида мамлакат учун тажриба, улкан ташаббуснинг бошланиши экан. Давлат раҳбари шу йил бошида маънан эскирган 1-3 қаватли бинолар ўрнида қўпқаватли уй-жойлар барпо этиш таклифини олға сурди. Ўшандаёқ аҳоли сони кундан-кун ортиб бораётган Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ҳаракатга тушиб қолишди.

– Муҳтарам Президентимиз маънан эскирган 2-3 қаватли уйлар ўрнида 9, 12, 16 қаватли замонавий лойиҳадаги барча қулайликларга эга уйлар қуриш ҳақида фармон имзоладилар, – дейди Тошлоқ тумани ҳокимининг ўринбосари Авазбек Деҳқонов. – 2025-2026 йиллари Тошлоқ туманида 5 та шундай кўп қаватли уйларни қурамиз.
Шу йилнинг ўзида бундай кўпқаватли уйларнинг иккитаси қад ростлай бошлади. Бундан аҳолининг қувончи чексиз. Негаки:
– Авваллари битта 2 қаватли уйда 12 та хонадон бўлар эди. Ҳатто санитария хоналари ҳам ташқарида бўлган. Бир сўз билан айтса, шароити яхши эмасди. Ҳозирги кунда айнан 12 та хонадон бўлган майдонда 86 та квартирали кўп қаватли уларни жойлаштирмоқдамиз, – дейди Авазбек Деҳқонов.

Ўзбекистонда қурилиш саноати тез ривожланиб кетди. Энди энергиятежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш, ўз-ўзини электр энергияси билан таъминлаш мажбурий меъёрга айланди.
– Деворлар газоблокдан бўлмоқда. Уй томи юз фоиз қуёш панели билан қопланади. Бинонинг тўрт томонидаги деворларига базалт қопланмоқда, – дейди қурилиш иш юритувчиси Ҳусниддин Болтабоев. – Бу эса уйларни ёзда иссиқ, қишда совуқдан ҳимоялайди. Мақсадимиз аҳолига энг қулай ва замонавий лойиҳадаги уй-жой қуришдир.
Янги уй-жой, хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилгани яхши, албатта. Аммо лойиҳада яшил майдон, болалар ўйингоҳлари ҳам инобатга олинган.

– Шу билан бирга уй олди ва атрофида замон талабларига мос болалар ўйингоҳи, ерости автотураржойлар барпо этилмоқда, – дейди ҳоким ўринбосари. – Уй эгаллаган майдонга нисбатан унинг атрофидаги 60 фоиз майдон кўкаламзорлаштирилади. Бу эса экологик ҳолатни яхшилайди, аҳолига тоза ҳаводан нафас олиш имконини беради.
Тошлоқдаги қолган икки қаватли уйлар аҳолиси билан бу уйлар ўрнида кўп қаватли янги бинолар қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1mgYJM9r8xA" title="Toshloqda eski uylar o‘rnida ko‘pqavatli turarjoylar qurilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат,видео), ЎзА мухбирлари