Фарғона вилоятида жорий мавсумда 82 минг 80 гектар ерда ғўзанинг серҳосил, маҳаллий иқлимга мос навлари парваришланди ҳамда айни кунларда етиштирилган пахта ҳосили терими қизғин паллага кирди.
Фарғоналиклар азалдан деҳқончиликнинг миришкори бўлиб, пахта ва ғалладан ҳам юксак хирмон яратиб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасига янги кластер тизимининг жорий этилгани бугун ўз самарасини бермоқда. Вилоятдаги 12 та пахтачилик тўқимачилик кластерлари томонидан истиқболли лойиҳалар ишга туширилмоқда. Бу тизим туфайли ғўзага ўғит бериш, зараркунандаларга қарши курашиш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш ўз вақтида амалга оширилди. Шунингдек, ишлов муддатларига тўла риоя қилиниши ва албатта меҳнатга ҳақ тўлаш, юқори манфаатдорлик муваффақият омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Кундан кунга хирмон юксалиб, шартнома режасини бажараётган фермер хўжаликлари сафи кўпайиб бормоқда. Илгарилари пахта мавсуми оммавий сафарликлар билан ташкил этилиб, аксарият юртдошларимиз бундай вақтда далаларда бўларди. Бугун эса вазият умуман ўзгарди. Мажбурий меҳнатга умуман барҳам берилди. Фермер хўжаликлари аъзолари ҳамда кўнгилли теримчилар кўмаги билан отряд усули асосида пахта териб олинмоқда. Жорий йилда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун биринчи теримда 1 минг 200 сўмдан, иккинчи теримда 1 минг 500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланмоқда.

Мавсумда Бувайда, Бешариқ, Ёзёвон, Риштон, Қўштепа туманлари пешқадам бўлмоқда. “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти Тошлоқ туманида кластер усулида пахта етиштираётир. Жорий йилда тумандаги 165 та фермер хўжаликлари томонидан 5 минг 120 гектар ерда истиқболли пахта навлари парваришланди. Айни кунларда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар «Заркент зийнати», «Файзли Абдумутал полвон», «Мирҳожи Ином» каби фермер хўжаликлари 40 центердан ҳосил олиб, катта хирмон яратишга ҳисса қўшди.
– Кластер тизими биз фермерларни кўп муаммолардан холос қилди, – дейди «Зироатчи» фермер хўжалиги раҳбари Аҳмадали Абдуллаев. – Чигитдан бошлаб, пахта етиштириш учун зарур бўладиган барча нарсалар дала бошига етказиб бериляпти. Фақат биздан меҳнат ва ғўзага эътибор керак холос. Бу йил хўжалигимиздаги 26 гектар ерда «С8290» пахта нави етиштирилди. Биринчи теримдаёқ режа бажарилди. Бугунгача режадаги 100 тоннадан ортиқ пахта териб олинди. Далаларимизда ҳали ҳосил кўп, ҳосилдорликни 50 центнерга етказишни режалаштирганмиз.
Ҳозирга қадар туманда йигирмадан ортиқ фермер хўжаликлари пахта тайёрлаш режасини бажарди. Бунда терим пулларининг ўз вақтида берилаётгани ҳам муҳим омил бўлмоқда.

М. Сулаймонов, ЎзА