Бундан беш-олти йил аввал Тошлоқ туманини дотациядан чиқариш кун тартибида эди. Ўтган қисқа вақт ичида, аниқроғи сўнгги икки йилда туман вилоятнинг йирик саноат марказларидан бирига айланди. Асосий сабаб тадбиркорликдаги кескин юксалиш бўлди. Ҳозир Тошлоқда 7 та саноат зонаси бўлиб, уларга қиймати 4,4 триллион сўмга тенг 76 та саноат корхоналари жойлаштирилди. Туманнинг умумий кўрсаткичларини қўя турайлик.
– Биргина саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилда 3 триллион 172 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан 110 фоиз демакдир, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Отабек Аҳмедов. – 2023 йилда эса уни 4 триллион 300 миллиард сўмга олиб чиқишни режалаштирганмиз. Бу қарийб 123 фоиз ўсиш дегани.
Ўтган йилнинг ўзида туманда янги ташкил этилган корхоналар ҳисобидан 3 минг 400 та янги иш ўрни яратилди. Шулардан бири Заркент қишлоғидаги “SMShD” тикувчилик корхонасидир. 9,4 миллиард сўм ва 300 минг доллар кредит эвазига тугал, замонавий ишлаб чиқариш пайдо бўлди.
Трикотаж маҳсулотлари бозорига кириш мураккаб жараён. Бунда аввало сифат кўрсаткичи бирламчи ўринда туради. Сифат эса замонавий дастгоҳларга ҳам боғлиқ. Матони бичишдан тортиб харидорга жўнатгунча 7 бор назоратчи қўлига тушар экан.
Техник жиҳознинг ўзи ҳам сифат масаласини ҳал қилолмайди. Энди малакали моҳир қўллар керак. Тадбиркор атроф маҳалла, қишлоқлардан аёлларни ишга қабул қилиб уларни ўқитди, турдош корхоналарда малакасини оширди. Бежирим тикилган, чоки нозик, танага ярашувчи маҳсулотларни Тошлоқнинг қишлоқ қиз-аёллари тикмоқда. Улардан бири Малоҳатхон Ҳўжаназарова.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hZbP6oGEGmU" title="Тошлоқ – вилоятнинг йирик саноат марказларидан бирига айланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>–Бизнинг қишлоқда шунақа корхоналар йўқлиги учун Фарғонага бориб 25 йил ишладим. Оиламиздан келиним, жиянларим, шу корхонада ишлаймиз, – дейди у. – Ойликлари яхши, транспорт билан таъминланган, бепул тушлик берилади.
Бу, Тошлоқ туманидаги тўқимачилик-трикотаж корхоналарининг бири холос. Аммо у ҳам тумандаги экспортчилар рўйхатининг дастлабки ўнлигидан жой олган.
– Маҳсулотимиз 100 фоиз экспортга йўналтирилган. Масалан, ўтган йили 520 минг долларлик экспорт қилганмиз, – дейди корхона иш юритувчиси Зокиржон Райимов. – Бу йил экспорт ҳажмини икки баробарга оширмоқчимиз.
Боя Малоҳатхон айтганидек, қишлоқларда бу каби корхоналар кўпайгани сабабли тадбиркорда кутилмаган, айтиш мумкинки, илгари учрамаган муаммо пайдо бўлди.
– 500 та иш ўрни бор. Ҳозирда 200 га яқини хотин-қизлар иш билан таъминланган. Бизда яна 200-300 та ишчи ўрни бўш турибди. Тикувчилар керак, – деди Зокиржон Райимов.
Масалага ечим излаб ишбошилар аввало шарт-шароитни янада қулайлаштирди. Ишчилар фарзанди учун қўшни боғчалардан жой олишди, бепул овқат, бориб-келиш транспорти, муносиб иш ҳақи...Энди қўшни туманлардан ишчилар жалб қилишмоқчи.
Биргина “SMShD” масъулияти чекланган жамиятига 300 нафар ишчи керак!
2023 йилда Тошлоқ тумани саноати янада ўсиши кутилмоқда.
–56 та лойиҳа шакллантирганмиз. Қарийб 7000 нафар янги иш ўрни яратилади. Туманда саноат йўналишида 2022 йил 75 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, 2023 йилга 199 миллион доллар ўзлаштириш режалаштирилган, – деди ҳоким ўринбосари Отабек Аҳмедов. –2022 йилда 89 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2023 йилда 133 миллион долларга етказамиз.
Тошлоқлик тадбиркор ўзи ишлаб чиқарган саноат маҳсулоти билан қандай қилиб Тошкент улгуржи бозорларини эгаллади, бу ҳақида иккинчи видео-мақоламизда ҳикоя қиламиз.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео)
ЎзА