Шу кунларда Фарғона вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғими қизғин ва уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Заҳматли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб олиш муҳим вазифа саналади. Мавсумни қисқа фурсатларда, сифатли ўтказиш учун отрядлар тузилиб, ҳар бир гуруҳга тегишли соҳа мутахассислари жалб этилган.
Жорий йил вилоятда 100 минг гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирилди. Ўрим-йиғимда 350 та комбайн, 1600 дан зиёд ташув техникаси, 44 та кўчма таъмирлаш устахонаси, юздан ортиқ ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб берувчи транспорт воситаларидан самарали фойдаланиб, уларнинг бир маромда ишлаши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, ишчи-механизаторларнинг вақтида дам олиши ва овқатланишлари учун барча шароитлар яратилган.
Хусусан, Тошлоқ туманида 170 та фермер хўжаликлари томонидан 5 минг 355 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирилди. Миришкор фермер хўжаликлари 19 минг тоннадан зиёд сара дон хирмонини яратишни мақсад қилган. Ғаллани қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш ишлари қизғин паллага кирган бўлиб, отряд усулида тизимли ишлар ташкил қилинган.
Кундан кунга режани бажариб, юқори ҳосилдорликка эришаётган фермерлар сони ортиб бормоқда. «Тошмат», «Камолов Раҳматилло», «Қақир», «Зардўст барака обод», «Аббос Мирзо», «Аъзамжон дала зийнати» фермер хўжаликлари бу борада пешқадам бўлиб, ғаллачиликда яхши тажриба тўплаган. Шу боис ҳам ўртача ҳосилдорлик 80 центнерни ташкил этиб, биринчилардан бўлиб шартномавий режани ортиғи билан уддалашди.
Тумандаги «Камолов Раҳматилло» фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, ғалладан ҳар йили мўл ҳосил олмоқда. 40 гектарлик ғалла даласидан 260 тонна дон йиғиб олиниб, шартнома режаси ортиғи билан бажарилди. Ҳосилдорлик ошиб, ҳар бир гектаридан 80 центнерни ташкил қилди.
– Ерга меҳр бериб ишлаган унинг роҳатини ҳам кўради, – дейди иш юритувчи Авазбек Нурматов. – Илгарилари шу ерлардан 30 центнердан ҳосил олардик холос. Қилинган агротехник тадбирлар ўзининг амалий самарасини кўрсатди. Ҳали ўрилмаган ғалла майдонимиз ҳам бор, ортиқча донни ишчиларимизга бўлиб беришни мўлжаллаб турибмиз. Мўл ҳосил етиштиришда уларнинг меҳнати катта бўлди. Хирмон донга тўлиб, юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз.
Туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг ЎзА мухбирига хабар беришича, ғаллани ўрим-йиғими мавсумини 10 иш кунида якунлаш чоралари кўрилмоқда. Ғалладан бўшаган ер майдонлари эҳтиёжманд оилалар ва ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА