Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошлоқ тумани: тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошади
10:03 / 2023-07-08

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг клиник даволаш бўлимлари учун қурилган 5 қаватли, 175 ўрин-жойга эга янги бино фойдаланишга топширилди. Қурилиш таъмирлаш ишларига 22,6 миллиард сўм сарфланди. Бу тумандаги 214 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширади.

Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, она ва бола соғлигини мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этди.

Вилоятдаги тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш мақсадида 2022 йилнинг ўзида 64 тиббиёт муассасаларида қарийб 150 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда ҳам бу каби эзгу ишлар тизимли давом эттирилмоқда.  

[gallery-12644]

Тошлоқ тумани марказий шифохона бинолари 1963-1971 йилда қурилган бўлиб, қурилгандан буён мукаммал таъмирланмаган, замон талабларига жавоб бермайдиган ҳолга келиб қолган, айрим бўлим бинолари хароба ҳолатда эди. Марказий шифохона мослаштирилган биноларда жойлашганлиги учун беморларга тиббий хизмат кўрсатишда ўзига хос муаммоларга дуч келинар эди.

Янги қурилган қабул-диагностика, реанимация, туғуруқхона бўлими, хирургия, ҳамда терапия бўлимлари жойлаштирилган бинода аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар мавжуд. Беморларни ташҳислаш учун рақамли рентген, замонавий УТТ аппарати, гастрофиброскоп, ЭКГ аппаратлари ўрнатилган. Бинодаги хоналар марказлашган кислород тармоғи билан таъминланган. Клиник ва биохимик лаборатория хоналари ташкил этилган.  

 

М.Сулаймонов,

ЎзА

М.Қодиров олган суратлар