French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошлоқ: Бесарангга “қовун сайли”га келинг (+видео)
17:39 / 2024-03-18

Қовун ёз ва кузнинг дастлабки ойларида пишади, дердик. Ҳа, Ёзёвон чўлларида етиштирилган қовунлар ширинлиги билан “тилни ёради”. Фарғонанинг фахрига айланган яна бир қовун бор. Аниқроғи, қовунчилар маҳалласи. Биз биламизки, одатда томорқага қовун экишмайди. Аммо бу масалада Тошлоқ туманининг Бесаранг маҳалласи истиснода.

Бу ерда қайси хонадонга кирманг томорқасида қовун, карам, бодринг плёнка остига ёки иссиқхонада экилганини кўрасиз. 

–Аҳоли томорқалари 92 гектар бўлиб, ундан 35 гектарида қовун етишитириляпти, – дейди “Бесаранг” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Қосимов. – Маҳалламизда мавсумий қовун бозори ташкил қилганмиз. Унга Андижон, Наманган, Фарғона, Қўқондан келиб етиштирилган қовунларни олиб кетишади. Бундан ташқари, Қирғизистон ва Россияга ҳам экспорт қиламиз. Қовун бозорида бир кунда 400-450 миллион сўмлик савдо бўлади. 

Даромади бўлганидан кейин экади-да. Зайлобиддин Акбаровнинг томорқасида ҳам қовун кўчатлари экиш авжида. 

–Ўзим қурилишда ишлайман. Томорқага оилам аъзолари қарайди, – дейди Зайлобиддин Акбаров. –Экиш пайти қўшнилар ёрдамга чиқади. Кейин биз ҳам қўшниларга ёрдам берамиз. Бу қовун нави аввало, эртапишар. Бодринг пишганда у ҳам пишади. Томорқадан ўтган йили қовун экиб 35 миллион сўм даромад олдик. 

Бесаранг маҳалласида устоз кўчатчилар яшайди. Улардан бири Эргашали ака ва Муқаддасхон опа Қосимовлар оиласидир. 

–Жами 33 мингта кўчат етиштирдик. Унинг 1300 тасини томорқамга экдим. Қолганларини мижозларга етказиб бераман, – дейди Эргашали ака. –Ширинлиги жуда яхши, оғирлиги 4 килограммгача боради. Бир палакда 2 донадан қовун етиштиради. 

Эргашали ака изланувчан деҳқонлардан. У ерда тупроқ қандай нафас олаётганини бир қарашда билиб олади. Зичлиги, қуввати, шўрлашгани, чанқагани... Хуллас, у ҳақиқий миришкор. 

–Қовунчилик билан 14 йилдан буён шуғулланаман, – дейди хонадон соҳиби Эргашали Қосимов. –Ўтган йили ер дам олсин деб карам экдим, ҳосили зўр бўлди. Кейин ўрнига яна карам экдим. Унинг ҳосилини август ойида йиғиштириб олгач, маккажўхори экдим. Шу ердан бир йилда уч марта ҳосил олдим. 

Бесаранг маҳалласида 754 та хонадон бор. Уларнинг барчасида аҳоли томорқада банд. Фарзандлар ҳам оилавий анъаналарда меҳнатсевар ва интизомли бўлиб тарбияланади. Шунинг учун мактаб давомади 98 фоиздан пасаймаган. Аҳоли аҳил, мана уч йилдирки, маҳаллада биронта жиноят содир этилгани йўқ. Ажралишлар энг ками ҳам Бесарангда. 

Апрель ўтиб майнинг ўрталарида бу ерга келинг. Мамлакатда биринчи пишадиган қовундан тотиб кўрасиз, қовун сайлида иштирок этасиз. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WklT4clDlvM" title="Toshloq: Besarangga “qovun sayli”ga keling" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА