English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошлоқ туманида пахта мавсумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
13:20 / 2020-08-24

Фарғона вилоятидаги 9 та пахтачилик - тўқимачилик кластерлари томонидан пахта ҳосилини қисқа фурсатда сифатли йиғиб-териб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.


Фарғона вилоятидаги 9 та пахтачилик - тўқимачилик кластерлари томонидан пахта ҳосилини қисқа фурсатда сифатли йиғиб-териб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, Тошлоқ туманидаги фермер хўжаликларида пахталар қийғос очилаётган бўлиб, мўл ҳосилдан дарак беряпти.

“Комилжон ота зиё” фермер хўжалиги жорий йил ҳосили учун 32 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, ҳудуд иқлимига мос ва эртапишар «С8290» навли ғўза ниҳолларини парваришлади. Пандемия шароитида миришкорлар унинг қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда барча агротехник тадбирларни сифатли амалга оширди.

Август ойининг бошида ғўзалар маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, қайта ишлов берилди. Шарбат усулида суғориш йўлга қўйилди. Синовли йилда омилкорлик билан амалга оширилаётган ишлар мўл ҳосил тўплаш баробарида унинг эрта пишиб етилишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

“Омад” фермер хўжалиги далаларида ҳам ўтган йилларга нисбатан пахта эрта очилди.

photo_2020-08-24_13-28-32.jpg

–Албатта манфаат бўлган жойда ишга ҳам муносабат ўзгаради, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Мамадали Акбаров. – Кластернинг афзаллигини бугун барчамиз ўз фаолиятимизда яққол кўрмоқдамиз. “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузганмиз. Бу йил ёнилғида ҳам, маҳаллий ўғитда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади. Агротехник тадбирларни ўз муддатида сифатли бажаришга муҳим эътибор қаратмоқдамиз. Баравж ўсаётган ғўзаларни кўриб, кўнглимиз тўляпти.

Дарҳақиқат, кластер корхонасининг раҳбари ҳоким бўлиб тайинланган туманда жорий йилда режалар улкан. Туманда 135 фермер хўжалиги ва “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти пахтачилик кластери 5 минг 120 гектар майдонда “С8290”, “Наманган-77”, “Султон” навли ғўза ниҳолларини парваришламоқда. Шунингдек, йиғим-терим мавсумига ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда. 100 та терим отрядлари ташкил этилиб, 10 минг нафардан зиёд теримчилар ихтиёрий равишда бириктирилди. 102 та транспорт трактори, 180 та тиркама каби техника етиштирилаётган ҳосилни йиғиштириб олиш учун шай қилиб қўйилди. Айни кунларда кластер корхонаси таркибидаги 3 та пахтани қабул қилиш масканларини таъмирлаш якунига етказилмоқда.

Туманда 2020 йил ҳосилидан етиштирилган пахта хомашёси қўл кучи билан йиғиб-териб олинади. Шундан келиб чиқиб, теримчиларга тўлаб бериладиган маблағ аниқ ҳисоб-китоб қилинган. Бунга кўра мавсум давомида теримчиларга тўланадиган 17 миллиард 864 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилади.

photo_2020-08-24_13-28-33.jpg