Тошлоқдаги ёш оилалар дардини ким эшитади?
Ваъдалар қоп-қоп, амалда эса ҳеч қандай иш йўқ
Ваъдалар қоп-қоп, амалда эса ҳеч қандай иш йўқ
Фарғона вилояти Тошлоқ тумани маркази яқинидаги 2016 йилда фойдаланишга топширилган “Камолот уйи”га кўчиб ўтган ёш оилаларнинг қувончлари чексиз эди. Аммо вақт ўтиб, улар ўзларига ғурбат ва ташвиш орттириб олганликларини тушуниб етди. Чунки 55 оилага мўлжалланган мазкур кўп қаватли уй эгалари турли муаммолар гирдобида қолди.
А.Навоий кўчасида жойлашган мазкур маскан ҳудудида ободонлаштириш ишларининг кўриниши дилни хуфтон қилади. Ўтлар босиб, болалар майдончаси эса хароба аҳволда. Ачинарлиси, бу кўп қаватли уйнинг канализацияси марказий тармоққа уланмаган бўлиб, шу маҳалла ҳудудидаги зовурга чиқариб юборилмоқда. Унинг қўланса ҳиди эса бутун маҳалла аҳли норозилигига сабаб бўлаётир.
“Камолот уйи”даги хонадонлар иқтидорли ва фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида берилган. Ичимлик суви ичишга яроқли эмас. Юқори қаватларга эса умуман сув чиқмайди. Шу боис улар тоза ичимлик сувини сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Уй эгалари мазкур ҳолат юзасидан юқори органларга кўп бора мурожаат қилган. Аммо ҳанузгача бирор натижа йўқ.
Қиш мавсуми яқинлашди дегунча ёш оилалар саросимага тушади. Кўп қаватли уйда табиий газ босими ниҳоятда паст, баъзида овқат пишириш, чой қайнатиш учун соатлаб вақт керак бўлади. Шу боис айрим оилалар кичик суюлтирилган баллонларни ишлатмоқда. Унинг хавфсизлигига эса кафолат йўқ.
– Рости, минг ҳадик билан шу баллончани ишлатамиз, – дейди Садоқатхон Нишонова. – Ичимлик сувинику гапирмаса ҳам бўлади. Косани тагига занг чўкиб қолади. Иссиқлик тармоғи кўчиб келганимиздан бери ишламайди. Қишни бир амаллаб ўтказамиз. Муаммоларни айтганимиз билан ҳал бўлмаганидан кейин шундай шароитда яшашга мажбур бўляпмиз.
Бугунги кунда аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун кўмак бериш раҳбарларнинг муҳим вазифаси бўлиши керак. Аммо мазкур туманда ҳоким бошчилигида куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш ишлари талабга жавоб бермайди. Натижада эса эътирозлар, мурожаатлар сони ортяпти. “Камолот уйи”даги ҳолат афсуски, бошқа жойларда ҳам учрайди.
Хусусан, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда аҳоли оғир шароитда яшаб келяпти. Тўғри, бу ерда икки йил мобайнида баъзи ишлар қилинди. Аммо бугунга келиб, улар яна ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
Кўп қаватли уйларда яшовчилар ташқаридаги умумий ҳожатхонадан фойдаланади. Ундаги ҳолат эса жуда ачинарли. Ичимлик суви хонадонларга тортилмаган бўлиб, қишин-ёзин очиқдаги артезианда идиш-тавоқ, кирлар ювилади. Уларнинг мағзаваси эса ариққа оқизиб юборилади. Ҳидига эса чидаш қийин. Санитария-гигена ҳолати жуда ёмон.
– Ҳожатхонани ҳам ўзимиз пул йиғиб тозалатамиз, – дейди Муҳаррамхон Тўраева. – Канализация йўқ. Умуман олганда, хонадонларда яшаш учун шароитлар етарли эмас. Айниқса, қиш пайтида муаммолар янада кўпаяди.Мутасаддилар эса ваъдан нари ўтмайди.
Сектор раҳбарлари мазкур уйларда яшовчи одамлар билан мулоқот қилмаганга ўхшайди. Акс ҳолда уларнинг арзига эътибор қаратган бўларди. Улар фақат қоғозда ишлаётганга ўхшайди чоғи. Айтамиз десак, гап кўп, муаммолар кўп. Ҳолбуки, қиш тараддуди доирасидаги ишлар кеча ёки бугун бошлагани йўқ. Муаммолар ҳам янги эмас. Масъулларнинг масъулиятсизлиги боис муаммолар тобора кўпайиб бормоқда. Раҳбарлар негадир бу масалага панжа ортидан қараб келмоқда. Хўш, улар аҳолининг арзига яна қандай баҳона топишар экан. Кутамиз.