Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентнинг ҳозирги Навоий кўчаси бундан 136 йил олдин халқ орасида қандай ном олган?
07:45 / 2020-05-13

КУН ТАРИХИ


Мирзо Улуғбекнинг фармони, Собиқ Иттифоқ таркибига киритилган Ўзбекистон, безгак тарқатувчисини аниқлаган олим ва 13 май санаси билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар


ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА


1420 йил (бундан 600 йил олдин) – Мирзо Улуғбек Кўрагон Самарқандда бир-бирига қарама-қарши жойлашадиган Мадраса ва хонақодан иборат мажмуа қурилишини бошлашга фармон берди.

unnamed.jpg

1829 йил (бундан 191 йил олдин) – казак хорунжийси Николай Потанинга Санкт-Петербургга борган Қўқон хонлиги элчиларини кузатиш ва босиб ўтилган йўлларнинг топографик харитасини тузиш топшириғи берилди. У элчиларни кузатиб 8 декабрда Қўқонга келди ва 1830 йил 1 апрелда Тошкентдан чиқиб кетди.

Николай Потанин ўз саёҳатлари натижасида “Қўқон хонлигига оид ёзишмалар” асарини ёзиб, унда хонликдаги маъмурий бошқарув тизими, сарой унвонлари, ҳарбий ва диний мансаблар, шаҳарлар ҳаёти ва бозорлар, Қўқон хонлигининг Бухоро амирлиги билан ўзаро муносабатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирган.

1893 йили (бундан 127 йил олдин) – Тошкент шаҳар Думасининг 14-мажлисида Эски шаҳар ҳудудидаги айрим катта кўчаларга маҳаллий аҳоли томонидан берилган номлар тасдиқланди. “Халқ орасида тарқалган кўча номларини ёзма равишда қонунлаштириш лозим”, — деб ёзилган эди Дума мажлиси баёнида.

Шаҳар Маҳкамасининг Думада берган ҳисоботига кўра, мазкур таклиф Туркистон генерал-губернатори томонидан тавсия қилинган эди. Думанинг мазкур қарорида кўчаларнинг тасдиқланган номлари узунлиги 16 вершок, кенглиги 4 вершок ўлчамли, мовий рангга бўялган тунукачаларга рус ва “сарт” тилларида ёзилиб, кўчаларга илиб қўйилиши лозимлиги таъкидланган. Қабул қилинган қарорга кўра, 18 кўчанинг номи расмий тасдиқланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ХIХ асрнинг охирги чорагида эски шаҳар кўчаларининг қиёфаси ҳам, номлари ҳам ўзгариб борди. Уларни ободонлаштириш учун шаҳар маҳкамаси томонидан маблағ ажратилган.1884 йилдан кўчаларга тош-шағал тўкиш бошланди. Биринчи бўлиб, ҳозирги Навоий кўчасига тош-шағал тўкилиб, у Тош кўча номини олган, айни вақтда “Шайхонтаҳур кўчаси”деб ҳам аталган. Эски шаҳарни янги шаҳар билан боғлайдиган асосий кўча ҳисобланган.

1905 йил (бундан 115 йил олдин) – селекционер олим, Леонид Румшевич таваллуд топди (вафоти – 1953 йил). У яратган 108–Ф (Бир юз саккиз “Фарғона”) нави жаҳон пахтачилигида энг яхши ҳосилдор, касалликларга чидамли ва юқори сифатли тола берадиган нав сифатида қабул қилинган ва ҳозир ҳам кўпгина мамлакатлар – Сурия, Хитой, Эрон, Афғонистон ва бошқаларда экилади.

1918 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистон уламолари жамияти ҳисобланган “Шўрои уламо” (“Уламолар кенгаши”) нинг фаолияти тўхтатилди.

turkistonm1.jpg

1925 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Бутуниттифоқ советларининг III съездида СССР таркибига киритилди.

1942 йил (бундан 78 йил олдин) – учувчи-космонавт, авиация генерал майори, икки марта Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган Владимир Жонибеков таваллуд топди. У Биринчи космик парвозини 1978 йил 10–16 январда амалга оширган. Владимир Жонибеков ўзининг космосга қилган беш парвози мобайнида космосда 145 кун 15 соат 58 минут 29 секунд бўлган. 1985 йилда Помир-Олой тоғларидаги мутлақ баландлиги 4912 метр бўлган чўққи “Владимир Жонибеков чўққиси” деб аталган.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкент халқ хўжалиги институтининг молия-иқтисод ва ҳисоб-иқтисод факультетлари негизида Тошкент молия институти ташкил этилган.

unnamed (1).jpg

2016 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.



ЖАҲОН ТАРИХИДА


1754 йил (бундан 266 йил олдин) – Россия императори Елизавета Петровнанинг фармони билан Россиядаги биринчи давлат банки таъсис этилди.

1840 йил (бундан 180 йил олдин) – ўзининг роман ва ҳикоялари билан француз адабиёти тарихида ёрқин из қолдирган машҳур адиб Альфонс Доде таваллуд топди (вафоти – 1897 йил). Адабиётшунослар унинг ижодидаги икки қиррага алоҳида урғу беришади. Биринчиси – юмор, киноя ҳамда тасвирдаги аниқлик. Иккинчиси эса кузатишларидаги теранлик ҳамда адибнинг воқеликни натуралистик услубда тасвирлайдиган ёзувчиларга услубан яқинлашгани.

yHSpE_mGraI.jpg

1857 йил (бундан 163 йил олдин) – англиялик паразитолог, микробиолог ва врач, Лондон Қироллик жамияти аъзоси Рональд Росс дунёга келди (вафоти – 1932 йил). У безгакни анофелес уруғига мансуб чивинлар тарқатишини аниқлаган. 1902 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлган.

1913 йил (бундан 107 йил олдин) – Биринчи Болқон уруши даврида Лондон сулҳ шартномаси имзоланди. Унга кўра, мағлуб Туркия Истанбул ва Шарқий Фракиянинг бир қисмидан бошқа Болқондаги барча мулкларидан маҳрум бўлди.

1968 йил (бундан 52 йил олдин) – Францияда юз минглаб парижликлар Президент Шарль де Голл тартибига қарши намойиш ўтказдилар. Мамлакатда 4 ҳафта давом этган умумий иш ташлашлар бошланди. Уларда қарийб 10 млн киши иштирок этди.

2000 йил (бундан 20 йил олдин) – Россияда федерал округлар ва Россия Федерацияси президентининг улардаги мухтор вакиллари институти ташкил этилди.



Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ