French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тошкент”ликлар ҳаёти ўзгаряпти
15:41 / 2022-02-17

Президент ташрифидан сўнг

Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Тошкент маҳалласи ўтган аср тўқсонинчи йилларида ташкил этилган, бошқаларга нисбатан янги маҳалла.

Туман марказига жуда яқин бўлса ҳам бу ерда аҳоли турар жойлари қурилмаган, очиқ майдон бўлмаган.  

– Туман маркази ҳозирги жойига кўчирилгач, табиийки яқин атрофга аҳоли кўчиб кела бошлаган, аҳолига хизмат кўрсатиш учун тиббиёт муассасалари, мактаблар ва бошқа объектлар қурилган, – дейди Жомбой туманидаги “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Нажмиддинов. 

– Бизнинг маҳалламиз ҳам ана шу жараёнда ташкил этилган. Мазкур ҳудуддан катта йўл ўтгани учун одамлар бу йўлни Тошкент йўли деб атаган, қолаверса, пойтахтга ҳавас қилиб шундай ном берилган. Самарқанд шаҳрига ҳам жуда яқинмиз – 10 километр масофада. Шунинг учун бизда шаҳарда ишловчилар ҳам кўпчилик. Умуман, бугун маҳалламиздаги 778 та хонадонда 4 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ўнта кўп қаватли уй, умумтаълим мактаби, болалар боғчаси, мусиқа ва санъат, спорт мактаблари бор. Ўндан ортиқ дўкон, маиший хизмат шохобчалари, ошхона ва қандолат цехи ишлаб турибди.  

Давлатимиз раҳбари яқинда, 10 февраль куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ушбу маҳаллада бўлиб, фаоллар билан учрашди, Жомбойдаги маҳаллаларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан суҳбатлашди. Ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари ўзлари масъул маҳалладаги ўрганиш натижалари, муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини сўзлаб берди. Ёрдамга муҳтож оилалар аъзолари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши, ўзини ўзи банд қилиш учун имтиёзли кредит ва субсидия берилиши, деҳқон хўжалиги учун ер майдонлари ажратилиши айтилди. 

– Мутахассислигим – иқтисодчи, банк соҳасида ишлаганман, – дейди Тошкент маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Азизбек Маматқулов. – Ўтган йил туманларда маҳаллабай ишлаш марказлари ташкил этилгач, ушбу марказда фаолият олиб бораётгандим. Жорий йилдан шу маҳаллада ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошладим. Ҳозиргача 800 дан ортиқ хонадонни хатловдан ўтказиб, 178 нафар ишсизларни рўйхатга олдим. 

Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида уларни тадбиркорларга бириктириш ва кичик бизнес субъектларини ташкил этиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича режалар ишлаб чиқдик. Менга маҳаллада камбағалликни қисқартириш, аҳоли хонадонларида тадбиркорликни ривожлантириш учун 192 миллион сўм субсидия, 1 миллиард 214 миллион сўм кредит ажратилади. Шунинг ҳисобидан битта хонадонга субсидия асосида 20 та товуқ бердик. Икки кишига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 60 миллион сўм кредит ажратиш бўйча тавсия бердим. Умуман, ҳозир маҳалламизда меҳнатга лаёқатли 1 минг 500 нафарга яқин аҳолининг асосий қисми иш билан банд. Давлатимиз раҳбарига маҳалламизда олиб борилаётган шу каби ишлар ҳақида маълумот бердик. У киши ёрдамчи ва ёшлар етакчиларига яна қўшимча ваколатлар берилишини айтиб, асосий мақсад одамларни рози қилиш, одамларни камбағалликдан чиқариш эканлигини алоҳида таъкидладилар. 

Гулшода Асқарова шу пайтгача маҳалла фуқаролар йиғинида котиба сифатида фаолият кўрсатган. Энди эса ёшлар етакчиси. Маҳалладаги оилалар, ёшлар ҳақида маълумотга эга. Қайси хонадонда неча фарзанд ўсаётгани, қаерда ўқиётгани ёки ишлаётгани, вақтинча ишсизлигини яхши билади. Унинг айтишича, ўтган йил 146 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари” га киритилиб, уларга зарур ёрдам кўрсатилган, бандлиги таъминланган. Айни пайтда 8 нафар ёш ушбу дафтарда қолмоқда. Маҳалладаги ёшлар балансини шакллантириш жараёнида ишсиз ёшлар аниқланмоқда. Дастлабки режаларга кўра, йил якунигача 53 нафар ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашилади. Жумладан, 15 нафар йигит-қизга ишлаб даромад топиши учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилади. “Ёшлар 1+1” дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилади. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида таълим муассасаларида маданият ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Китобхонлик, мусиқа ва санъат бўйича кўрик-танловлар ўтказилмоқда. 

[gallery-5795]

– Президентимиз билан учрашув ҳаётимиздаги энг унутилмас дамлар бўлди, – дейди Гулшода Асқарова. – Суҳбат жараёнида, у кишининг фикрларини эшитиб, давлатимиз раҳбари бизга жуда катта ишонч билдираётганлари, зиммамизда жуда катта масъулият борлигини яна бир бор ҳис қилдим. Ўзи шусиз ҳам бу йил биз – ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси “маҳалланинг икки қаноти” деб таърифланиб, жуда катта ҳуқуқ ва ваколатлар берилган эди. Президентимиз одамларни рози қилиш, ўзгаришлар маҳалладан бошланиши учун бизга яна кўп имкониятлар яратиб берилишини айтганларида, шу ишда ишлаётганимдан фахр туйдим. Насиб этса, олдимизга қўйилган вазифаларни шараф билан бажариб, йил якунига қадар маҳалламизни вилоятимиздаги энг намунали маҳаллалардан бирига айлантирамиз.  

Маҳалла маркази биносида Каттақўрғон шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказининг касб-ҳунар маскани фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда ишсиз хотин-қизлар келиб тикувчиликни ўрганаётган экан. 

– Ўқув масканимиз ўтган йил иш бошлаган эди, – дейди маскан ўқитувчиси Саодат Мирбобоева. – Шу пайтгача Аёллар ва Ёшлар дафтарида бўлган 24 нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганиб, ишли бўлди. Ҳозирда яна саккиз нафар хотин-қиз касб сирларини ўрганмоқда. Улар бу ерда ўқиб, маълум бир кўникмага эга бўлгач, субсидия асосида тикув машинкаси олиб, ўз уйларида тикувчилик билан шуғулланмоқда. Шу орқали рўзғорига барака киритяпти. Қачон маҳалладан ёрдам бераркин, бирорта тадбиркор рўзғоримнинг камини тўлдириб берармикан, деб бошқалардан кўмак кутиб яшагандан кўра, ўзи меҳнат қилиб, пул топиши, орзу-ҳавасига етиши яхши-да барибир.  

Бу йил Жомбойда маҳаллабай тизим орқали тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун 62 миллиард сўм имтиёзли кредит ва 4,5 миллиард сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган. Бу маблағ 38 нафар ҳоким ёрдамчилари тавсиясида асосида аҳолига берилади. 

– Ҳозирда барча маҳаллаларимизда хатлов ва ёшлар балансини шакллантириш ишлари якунига етказилмоқда, – дейди Жомбой тумани ҳокими Қ.Собиров. – Ушбу жараённинг ўзи қайси оилага қандай ёрдам кўрсатиш, қайси ёшнинг ҳаётида қандай ўзгариш қилиш кераклигини кўрсатмоқда. Шу асосида иш режаларимизни белгилаб оляпмиз. Биз – тумандаги тўрт сектор раҳбарлари ҳам бугун ёрдамчи ва ёшлар етакчиси билан бирга ишлаб, маҳаллалардаги жуда кўп масалаларга ечим топяпмиз. Президентимизнинг туманимизга ташрифлари эса барчамизга кўтаринки кайфият бағишлади, маъсулиятимизни оширди. Давлатимиз раҳбари олдимизда қандай катта вазифалар турганини яна бир бор эслатди, шу билан бирга биз айтган кўплаб масалалар, муаммоларга ечим топиб берди.  

Ғ.ҲАСАНОВ,  
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА