Сўнгги вақтларда аҳоли орасида юқумли бўлмаган, аммо инсон ҳаётий функциясига салбий таъсир этувчи эндокринолог касалликлари, яъни қандли диабет,қалқонсимон бези билан боғлиқ касалликлар сони бирмунча ортди.
Статистик маълумотларга кўра, Сирдарёда 11 мингга яқин фуқаро қандли диабет, 19 мингга яқин фуқаро эндокрин бези, 5 мингга яқин фуқаро қалқонсимон бези билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳисобда туради. Қандли диабет ўзининг асоратлари билан кўз, буйрак, юрак, оёқ учун хавфли ҳисобланса, қалқонсимон без касалликлари йод танқислиги, яъни буқоқ касалликлари ривожланишига сабаб бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 январдаги "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам эндокринологик касалликларга чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш, улар саломатлигини тиклаш, ушбу турдаги касалликларнинг олдини олиш мақсадида Гулистон тиббиёт кластери, унинг эндокринология бўлими моддий-техник имконияти кенгайиб, миллий дастур доирасида диагностика ва даволашнинг янги стандартлари йўлга қўйилди.
Куни кеча мазкур муассаса ва унинг эндокринология бўлимига Ё. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари маҳорат ва тажриба алмашиш, эндокрин бези билан боғлиқ касалликка чалинган, ижтимоий аҳволи оғир беморларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ташриф буюрди.

Улар ташриф давомида Гулистон тиббиёт кластери эндокринология бўлимида қалқонсимон бези билан боғлиқ касалликлар сабабли рўйхатда турган, саломатлик кўрсаткичи билан боғлиқ жиддий хавотир бор беморлар учун тиббий кўрик ташкил этиб, 50 га яқин беморнинг саломатлик кўрсаткичини ўрганиб, ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.
Мазкур марказнинг эндокрин жарроҳлик бўлими жарроҳи Мурод Омилов сирдарёлик эндокринологлар ҳамроҳлигида тупик бўқоқнинг 4-даражаси билан билан оғриган, жарроҳлик амалиётига муҳтож бир нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказган бўлса, марказ диабет асоратларини пластик реконструкция қилиш бўлими мудири Ҳамидулло Шокиров эса маҳорат дарси асосида қандли диабетнинг ll тури, "Оёқ панжаси синдроми" билан касалланган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да турган беморлар учун тиббий кўрик ташкил этиб, шу тоифадаги 3 нафар беморнинг икки нафарида пластик жарроҳлик амалиёти, бир нафар беморда тозалаш амалиётини ўтказди.

–Сирдарёга ташрифдан мақсад эндокрин бези, унинг асоратлари туфайли келиб чиқаётган беморларни даволаш ва ташхислашда тажриба алмашишдир. Бу эса, пойтахтда, яъни марказимизда амалга оширилаётган жарроҳлик амалиётларини Сирдарёда йўлга қўйиш имконини беради,–дейди Ҳамидулло Шокиров.
Сирдарёда ташкил этилган тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари ҳам бемор, ҳам унинг яқинлари учун ҳар жиҳатдан қулай бўлиб, вақт ва маблағни тежади.


Ш.Суяров, ЎзА мухбири