Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентдан Шарм-Аш-Шайхга илк парвоз амалга оширилди
09:40 / 2024-07-22

Тошкентдан ҳафтасига бир марта, якшанба кунлари Шарм-Аш-Шайхга ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Йўловчилар 190 оддий ва 12 бизнес тоифали ўриндиққа эга “321neo” самолётида манзилга етказилади.

Кеча Тошкент халқаро аэропортида “Centrum Air” авиакомпаниясининг Тошкент – Шарм Аш-Шайх йўналишининг очилиши муносабати билан тадбир ташкил қилинди.  

Маросимда Туризм қўмитаси, “Centrum Air”, янги авлод туроператори – “Centrum Holidays”, “Easybooking” компаниялари вакиллари, йўловчилар иштирок этди.  

– Ўзбекистон авиациясида яна бир янгилик бўлган Шарм-Аш-Шайхга рейс қўйилиши парвоз географиясини кенгайтириш ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилади, – деди “Centrum Holidays” бош директори Жаҳонгир Исроилов. – Биз Мисрдаги машҳур сайёҳлик масканини йўловчилар учун янада яқинлаштиришга тайёрмиз. Шу мақсадда курорт шаҳарчага саёҳатни бошладик.  

Дарвоқе, биринчи парвоз 100 фоизлик тўлиқ таркиб билан амалга оширилди.  

Ҳаво орқали йўловчи ва юк ташувига ихтисослашган хусусий авиакомпания – “Centrum Air” 2023 йил 18 январда республикамиз аҳолиси учун парвоз сифатини яхшилашга қаратилган ҳукумат ташаббуси доирасида ташкил этилган. Маҳаллий ва хорижий йўналишларда мунтазам ва чартер рейсларни амалга оширадиган мазкур авиакомпания шу йил март ойидан бошлаб йўловчиларни “Airbus А320-200”, “Airbus А321neo”, “Boing 737-800” самолётларида Тошкентни Батуми, Доҳа, Дубай, Тбилиси, Санкт- Петербург, Самарқанд, Урганч шаҳарлари билан боғламоқда.  

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА