Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентдаги жамоат транспортларида фақат транспорт карталаридан фойдаланилади
16:26 / 2020-12-25

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан “Жамоат транспортида имтиёзли транспорт карталари ва уларнинг тарифлари” мавзусига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.

2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспортларидан фойдаланганда нақд пул орқали тўлов қилиш тизими бекор қилинади. Бунинг ўрнига фақатгина ягона транспорт картаси орқали тўлов амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги қарорига мувофиқ, жамоат транспорти (автобус, метрополитен) дан фойдаланганда АТТО ягона транспорт картасининг тариф режаларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб ўтилган.
Имтиёзли транспорт картаси – умумий фойдаланиладиган транспортда (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) автоматлаштирилган тўлов тизими оператори маълумотлар базасида рўйхатга олинган. Бу йўловчига транспортда бепул ёки имтиёзли юриш ҳуқуқини кафолатлайдиган, транспортдан фойдаланиш сони ва бир транспортдан бошқасига чиқиш сони чекланмайдиган шахсийлаштирилмаган ва(ёки) шахсийлаштирилган транспорт картасидир.

Матбуот анжуманида умумий тарифлар (AV, AVM) қуйида келтирилган муддат ва суммаларда жорий этилмоқда:
“АV” турдаги тарифлар: 5 кунлик тариф – 20 000 сўм , 10 кунлик тариф – 40 000 сўм, 15 кунлик тариф – 60 000 сўм, 20 кунлик тариф – 80 000 сўм, 30 кунлик тариф – 120 000 этиб белгиланган. “AVM” турдаги тарифлар: 5 кунлик тариф – 28 000 сўм, 10 кунлик тариф – 56 000 сўм,|15 кунлик тариф – 84 000 сўм, 20 кунлик тариф – 112 000 сўм, 30 кунлик тариф – 166 000 сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, матбуот анжуманида имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчилар – нафақахўрлар, ногиронлиги бўлган шахслар, талабалар ва умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ҳамда техникумлар ўқувчилари томонидан имтиёзли транспорт карталари орқали тўловлар умумий фойдаланиладиган транспортнинг (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) амалдаги тарифларнинг 50 фоизлик имтиёзини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши қайд этилди. 

Бунда имтиёзли (N, T, O‘, NM, TM, O‘M) транспорт карталарини Тошкент шаҳридаги ойлик йўл чипталари ва транспорт карталари сотиладиган 70 та шохобчадан харид қилишингиз мумкин. “N”, “T”, “O‘” турдаги тарифлар: 5 кунлик тариф – 10 000 сўм , 10 кунлик тариф – 20 000 сўм, 15 кунлик тариф – 30 000 сўм, 20 кунлик тариф – 40 000 сўм, 30 кунлик тариф – 60 000 сўм, “NM”, “TM”, “O‘M” турдаги тарифлар: 5 кунлик тариф – 14 000 сўм, 10 кунлик тариф – 28 000 сўм, 15 кунлик тариф – 42 000 сўм, 20 кунлик тариф – 56 000 сўм, 30 кунлик тариф – 83 000 сўм этиб белгиланган. 

Матбуот анжуманида 1 январдан Тошкентдаги жамоат транспортларида фақат транспорт карталаридан фойдаланилиши, январь ойидан сотувга чиқариладиган электрон ойлик йўл чипталари йўловчиларга ноқулайлик туғдирмаслик мақсадида 2021 январь ойи учун автоматик тарзда 30 кунлик тарифлар билан тақдим этилиши қайд этилди.
 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА