Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентдаги янги заргарлик корхонасига пресс-тур ташкил этилди
17:28 / 2021-01-29

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан журналист ва блогерлар учун «Фонон» корхонасига пресс-тур уюштирилди.

Президентимизнинг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Тошкент шаҳридаги собиқ «Фонон» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудида «Gold Moon Tashkent» МЧЖ ташкил этилди.

Заргарлик буюмларини замон талабига мос равишда сифатли ва рақобатбардош қилиб ишлаб чиқариш мақсадида барча асбоб-ускуналар Италия, Германия ва Туркиянинг заргарлик соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчиларидан келтирилган. Бу ерда 300 турдан зиёд тайёр ва ярим тайёр заргарлик буюмлари 200 ортиқ ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнида италиялик дизайнер ва техник ходимлар ҳам иштирок этиб, улар ҳунарманд-заргарларга ўз маҳорат ва тажрибасини ўргатмоқда. Завод йилига 6 минг килограмм заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга.

– Ушбу заводнинг ягона таъсисчи ва эгаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобланади, – дейди «Gold Moon Tashkent» МЧЖ директори Жасур Тўхтаев. – Бу ерда фойдаланилаётган қимматбаҳо металларни Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларидан биржа савдолари орқали харид қиламиз. Тайёр заргарлик буюмлари «Фонон» бренди остида улгуржи ва чакана савдо орқали бозорга чиқарилади. Корхона устав фонди 444 миллион 518 минг 600 сўм бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан шакллантирилган. Завод тўлиқ ишга тушгач бир ойда 500 килограмм маҳсулот ишлаб чиқилади. Маҳсулотни ҳам ички бозор, ҳам экспортга йўналтирганмиз. Ҳозирдан маҳсулотимизга АҚШ, Япония каби давлатлардан талабгорлар кўпайган. Ишлаб чиқариш ҳажми такомиллашгани сари экспортни ошириш кўзда тутилган.

[gallery-957]

Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 15 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган. Бу, мамлакатимизга қарийб 120-130 миллион доллар валюта кириб келади, дегани. Агар корхона маҳсулотига талаб янада ошса, шунга мувофиқ экспорт ҳажми ҳам оширилади. Корхонага Асака банки томонидан қарийб 20,8 миллион долларлик инвестиция киритилган.

Пресс-тур доирасида иштирокчилар корхона фаолияти, хусусан маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб сотувга чиқарилишгача бўлган жараён ҳақида маълумот ва тасаввурга эга бўлди. Шунингдек, корхонада қимматбаҳо заргарлик буюмларини харидорларга сотиш учун мўлжалланган заргарлик буюмлари дўкони билан танишди. Бу ердаги нафис, замонавий дизайни, сифати жиҳатидан кафолатли заргарлик буюмлари кишининг кўзини қувнатади. Мутахассисларнинг маълум қилишича, тилла тақинчоқнинг 1 грамми 480 минг сўмни ташкил этади.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА