ВГИК Тошкент филиалида Россия маданият вазири Ольга Любимова, С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти ректори Владимир Малишев ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори, ВГИК Тошкент филиали Васийлик кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов ўртасида ўтказилган учрашув давомида келишиб олинди.
Келишувга Россия Маданият вазирлиги раҳбарияти ва Бутунроссия давлат кинематография институти ректорининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилди.
Ольга Любимова Тошкентда ВГИК филиалининг очилишини Ўзбекистон ва Россия кинематографияси ривожи учун энг муҳим воқеа, деб атади.
–Ушбу қарор икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан қабул қилинган. Президентларимизнинг кинематографияга эътибори, ардоқли муносабати соҳанинг ривожи учун жуда муҳим ҳисобланади. Ушбу ташаббус туфайли Ўзбекистонда кинематогрфия соҳаси қайта тиклана бошлади”, – дея таъкидлади у.
Учрашувда Кинематография агентлиги бош директори ва ВГИК Тошкент филиали Васийлик кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов Тошкент филиалининг яқин келажакдаги режалари тўхталиб ўтди.
–Бугунги учрашувда биз Россия Маданият вазирлиги ва ВГИК раҳбариятига ўз имкониятларимизни намойиш қилдик ва шу орқали уларни учта янги йўналиш – актёрлик санъати, кино ва телевидение режиссёрлиги ҳамда кинооператорлик йўналишларини очиш зарурлигига ишонтирдик. Янги йўналишлар кейинги ўқув йилидаёқ очилади. Ташриф давомида бу борада келишувга эришилгани жуда ҳам муҳим воқеа ҳисобланади. ВГИК раҳбарияти бизга ушбу йўналишлар бўйича малакали ўқитувчилар базасини шакллантиришига ваъда берди,– деди Фирдавс Абдухолиқов.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги ВГИК филиалида актёрлик санъати, кино ва телевидение режиссёрлиги ҳамда кинооператорлик йўналишларини кейинги ўқув йилида очилиши кўзда тутилган.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати
ЎзА