Шу муносабат билан бугун Инха университетида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инха университети, “School 21” рақамли технологиялар мактаби масъуллари, ёшлар ва журналистлар иштирок этди.
Анжуманда сўз олганлар мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бунда олий таълим даргоҳлари, ўрта таълим муассасаларининг аҳамияти ниҳоятда катта эканини таъкидлади.
Мутахассисларнинг сўзига кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган. Бунга эришиш учун IT инфратузилмаси ва унга бўлган бозор талабини ривожлантириш ҳамда халқаро компанияларни жалб қилиш каби комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида соҳа хизматлари ҳажми 20 фоизга ошган. 200 миллион долларлик экспорт амалга оширилган ва 5 мингта иш ўрни яратилган.
Бугунги кунда IT саноатининг жадал ривожланиши ва компаниялар сонининг кўпайиши туфайли мамлакатда малакали мутахассисларга талаб ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат томонидан 300 мингдан ортиқ IT мутахассисларини тайёрлаш вазифаси белгиланган. Соҳа учун ушбу кадрларни тайёрлашда эса “School 21”рақамли технологиялар мактаби фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
“School 21” рақамли технологиялар мактаби бошқарув директори Зарина Лухманова ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Тошкентда ушбу рақамли технологиялар мактабининг очилиши, бу–мамлакатимиз таълим ва технология саноатини ривожлантиришда яна бир муҳим қадамдир. У фақат таълим ва инновациялар орқали ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши мумкин бўлган билим даргоҳи ҳисобланади. Мактаб шунчаки таълим берадиган жой эмас, балки иқтидорли ёшларнинг ўз атрофидаги дунёни ўзгартириш учун билим, кўникма ва илҳом оладиган марказ даражасига кўтарилади. Шу ўринда, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва мамлакатимизнинг ахборот технологиялари соҳасидаги мавқеини жаҳон миқёсида мустаҳкамлаш имконини бераётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорлигимни билдираман.
[gallery-17624]
Таъкидлаш лозимки, “School 21” рақамли технологиялар мактаби мамлакатимизнинг рақамли трансформацияси учун мустаҳкам асос яратади. Қарийб 8100 квадрат метр майдонни эгаллаган ушбу даргоҳ узлуксиз 24 соат ишлайди. Бу эса ҳар қандай вақтда ўқиш имконини беради.
Шу ўринда, рақамли технологиялар мактабига қабул қилиш тартиблари ва таълим жараёнлари ҳақида тўхталиб ўтсам. Ушбу даргоҳ Ўзбекистон ва унга яқин мамлакатларда истиқомат қилувчи 18 ёшдан ошган барча фуқароларга IT соҳасида талаб юқори бўлган касбни бепул эгаллаш имкониятини яратади.
Ўқишга кириш жараёни бир неча босқичлардан иборат. Аввалида иштирокчи мактаб веб-сайтида ариза топширади, хотира ва мантиқ бўйича иккита онлайн ўйинлардан ўтади, шундан сўнг навбат саралаш босқичига келади. Унда иштирокчилар 26 кун давомида нолдан код ёзади, ўйин яратади, шунингдек, жамоавий ҳамда якка тартибда лойиҳаларни амалга оширади. Иштирокчиларнинг 50 фоиздан ортиғи учун лойиҳада иштирок этиш – бу дастурлашдаги илк тажрибадир.
Ушбу босқичлар муваффақиятли якунлагандан сўнг, иштирокчилар асосий таълимга ўтади. Яъни улар 1,5-3 йил давомида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали IT муҳандиси, дастурчи, ML ва ишлаб чиқариш бўйича муҳандис, IT лойиҳа менежери, таҳлилчи, кичик ва ўрта ишлаб чиқарувчи даражасига етади. Бундай натижаларга мактабнинг ўзига хос хусусиятлари, масалан, “тенгдош-тенгдошга” ўқитиш услуби, яъни бунда иштирокчилар ўқиш пайтида бир-бирларидан ҳам ўрганади.
Тошкент шаҳридаги “School 21” рақамли технологиялар мактаби мамлакатимиздаги иккинчи ана шундай даргоҳ ҳисобланади. Ўтган йилнинг декабрь ойидан ушбу лойиҳа Самарқандда ишга туширилди ва айни пайтда юқори талабга эга бўлмоқда. Бу ерда самарқандликлар қаторида Тошкент, Бухоро, Жиззах каби шаҳарлардан келган ёшлар таҳсил олмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.