Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентдаги 3,5 мингга яқин қурилишларнинг 119 таси вақтинча тўхтатилган
17:11 / 2025-12-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маслаҳатчиси Искандар Қутбиддинов батафсил маълумот берди.

Қўмита вакили таъкидлаганидек, иқлим ўзгариши бизнинг минтақамизга кескин таъсир кўрсатмоқда. Йиллик ҳарорат 1,5-2 даражага ошган. Музликлар миқдори 30 фоизга камайган, сув ресурслари кескин камайиб бормоқда. Ана шундай вазиятда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилишини бартараф этиш муҳим.  

Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш, йўқ қилиш ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, сув ресурсларини асраш, ифлослантирувчи моддаларни йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқариб ташлашнинг олдини олишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида дарёларнинг ўзанларида норуда материалларни ноқонуний равишда қазиб олгани, сув ресурсларини ифлослантиргани, дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш, йўқ қилиш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмагани, ифлослантирувчи моддаларни йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқариб ташлагани, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмагани ҳамда ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ёки қурилмаларда ёқилғи, моддалар, материал ва чиқиндиларни ёққани учун юридик шахсларга нисбатан жарима тарзидаги молиявий санкциялар жорий этилмоқда.  

Қайд этилганидек, ҳозирда Тошкентда 3,5 мингга яқин қурилиш жараёни кетмоқда. Махсус комиссия томонидан 1 минг 628 таси ўрганилган. 339 тасига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилган, 119 таси эса вақтинча тўхтатиб қўйилган. Уларга 1,2 миллиондан 4,8 миллион сўмгача жарималар қўлланилган.  

Мораторий жорий қилинганига қарамай, дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш, йўқ қилиш ҳолатлари ортмоқда. Жорий 9 ойда бу борада 1 минг 940 та ҳолат содир этилиб, табиатга 30 млрд. сўмлик зарар етказилган. Айрим давлатларда битта дарахт кесганлик учун 6 миллиардгача жарима қўлланилади.  

Лойиҳада ёқиш мумкин бўлмаган воситаларни ёққанлик учун жарималар белгиланмоқда. Таъкидланганидек, рейдлар давомидаги ўрганишларда 100 та иссиқхонада шина, резина ва чиқиндилар ёқилаётгани аниқланган, 99 тасининг фаолияти тўхтатилган.  

Шунингдек, саноат чиқиндилари ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузгани учун молиявий санкциялар қўлланиши белгиланмоқда. Жумладан, чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ компенсациянинг 5 баробари миқдорида жарима қўлланилади. Жорий йилда чиқиндилар билан боғлиқ 1 минг 600 дан ортиқ ҳолат аниқланган. 2025 йилнинг 10 ойида 223 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Сувларни ифлослантириш бўйича эса 1,5 мингта ҳуқуқбузарлик содир этилган.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳимлигини эътироф этиб, лойиҳани такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини берди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА