Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда жорий йилнинг 10 ойида 148 мингдан ортиқ фуқаро даромад солиғи тўловчисига айланди
12:02 / 2019-11-21

Сўнгги йилларда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш ва ҳисоботларни тубдан қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш ва ҳисоботларни тубдан қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Масалан, илгари 4 поғонали ставкаларда ундириб келинган ва юқори ставкаси 22,5 фоиз бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, жорий йилдан бошлаб, бир хил 12 фоизга пасайтирилиши фуқаролар даромадларининг ортиши билан бирга, мамлакатда яширин иқтисодиёт даражасини камайтириш ва иш ўринларини қонунийлаштиришга хизмат қилмоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилаётган кўздан кечириш, тушунтириш ва тарғибот тадбирлари натижасида тадбиркорлар солиқ соҳасида берилаётган имкониятларни яхши англаган ҳолда норасмий ёлланган фуқаролар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномасини расмийлаштирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи давомида пойтахтимизда турли соҳаларда ноқонуний равишда ишлаётган 148 минг 710 нафар фуқаро фаолияти қонунийлаштирилди. Натижада, солиқ базаси кенгайиб, бюджетга қўшимча 12,2 млрд. сўм жалб этилди.

Ушбу рақамлар соҳалар кесимида таҳлил этилганида ишлаб чиқариш соҳасида 57 минг 500 нафар, қурилишда 18 минг 900 нафар, чакана савдода 18 минг 300 нафар, умумий овқатланиш корхоналарида 7 минг нафар, хизмат кўрсатишда 6 минг 900 нафар ва бошқа соҳаларда ишлаётган 40 минг нафардан зиёд фуқаро жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчининг ишончли ҳамкори сифатида тадбиркорлик субъектларига ҳам ҳуқуқий ҳам амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бироқ, яратилаётган имкониятларга қарамасдан, кўп ишчи кучи талаб этадиган, ишлаб чиқариш, қурилиш ва умумий овқатланиш корхоналарида фуқароларни ноқонуний равишда ишга жалб қилиш, уларга “конверт” усулида ҳақ тўлаш ҳолатлари ҳануз учрамоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида Яшнобод тумани, С.Машҳадий кўчаси 6-уйда жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида 15 нафар фуқаро меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётгани аниқланди. Худди шунингдек, пойтахтимизнинг Олмазор тумани, Беруний кўчасида жойлашган савдо дўкони фаолияти ўрганилганида, давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган ҳисоботларда кўрсатилмаган 12 нафар фуқаро норасмий равишда ишлаётгани маълум бўлди.

Ўрганишлар давомида Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси, 
96 А-уйда фаолият юритаётган қурилиш корхонаси ҳам 16 нафар фуқарони норасмий равишда ёллагани аниқланди. Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида норасмий тарзда меҳнат қилаётган фуқаролар билан меҳнат шартномаси тузилиши таъминланди.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ҳозирда ноқонуний асосда меҳнат қилаётган фуқаролар кўпгина ҳолларда иш берувчилар томонидан алданилмоқда. Агарда меҳнат бозорига қарайдиган бўлсак, кўпгина ҳолларда ноқонуний тарзда меҳнат қилаётган айрим фуқаролар иш ҳақини вақтида ололмаётганини ва шунга ўхшаш турли қонунбузилиш ҳолатлари учрамоқда.

Ҳурматли фуқаролар!

Унутманг! Сизларнинг қонуний тарзда меҳнат қилишларингиз, аввало ўз манфаатларингизга хизмат қилади. Хусусан, қонуний асосда меҳнат қилганингизда Меҳнат кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг меҳнатга оид бошқа қонунларида келтирилган барча ҳақ-ҳуқуқлардан тўлақонли фойдаланиш имконига эга бўласиз.

Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати