Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда ёшлар ташаббусларига бағишланган конференция ўтказилди
17:59 / 2025-05-21

Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Янги авлод ташаббуслари ва барқарор тараққиёт” мавзусида республика илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Тадбирда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган талабалар, профессор-ўқитувчилар, давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, ёшларга оид масалаларни ўрганаётган таҳлилчи мутахассислар иштирок этди.

“Бугунги анжуман ёшларнинг ижтимоий инновациялар, технология, таълим, тадбиркорлик, руҳий саломатлик, экология ва ахборот майдонидаги фаоллигини чуқур таҳлил қилиш, долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимига доир илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун муҳим платформадир, – деди Таълимни ривожлантириш маркази директори в.в.б. Юлия Рисюкова. – Бизнинг асосий мақсадимиз – ёшлар билан ишлайдиган мутахассислар, тадқиқотчилар ва амалиётчилар ўртасида халқаро ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиш ва келажакда етук кадрлар тайёрлашга ёрдам берадиган янги ёндашувларни муҳокама қилишдир. Ишонаманки, бугунги муҳокамалар янги ғоялар, ҳамкорлик алоқалари ва келажак учун стратегик режаларни шакллантириш учун улкан имкониятдир. Ҳар бир таклифингиз ва ташаббусингиз барқарор ривожланиш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади”.

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни мамлакат тараққиётида фаол иштирок этишга ундовчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар сиёсатини тизимли амалга ошириш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

“Республикамизда 1,5 миллион талаба таҳсил олмоқда. Бундан 10 йил олдинги кўрсаткич 25 минг нафарни ташкил қилади. Шунингдек, олий таълим муассасалари сони 3 бараварга ошди.

Бу рақамлар шунчаки кўрсаткич эмас, балки жамиятимизда лидерлар сони ошиб бораётганини ҳам англатади. Бугунги конференция шунчаки муҳокамалар эмас, балки ёшлар сиёсатини такомиллаштиришда амалий ечимларни таклиф этиш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бу каби муҳокамалар келажакда жамиятимизга янги олимларнинг шаклланишига кўмаклашади”, – деди Дилнозахон Каттаханова.

Шунингдек, Фанлар академияси витсе-президенти Шаҳло Турдиқулова ёшларнинг инновацион фикрлашини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий изланиш ва тадқиқотларга кенг жалб этиш барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан бири эканини қайд этди.

"Барқарор тараққиёт кўпчилигимиз ўйлаганимиз каби фақатгина иқтисодий ўсиш эмас, бу борада ёшларнинг илмий ва инновацион салоҳиятининг ўсиб бориши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳам халқаро, ҳам маҳаллий тажрибаларни кўрган мутахассис сифатида айта оламанки, Ўзбекистон ёшлари халқаро миқёсда ҳеч бир давлат вакилларидан қолишмайди.

Ишончим комилки, бугунги конференцияда кўтарилган масалалар мамлакатимизда ёшлар сиёсатини қўллаб-қувватлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади", – деди Шаҳло Турдиқулова.

Конференцияда ёшларга оид сиёсатни шакллантиришда илмий асосга таяниш зарурлиги, илмий изланишлар ва стартаплар орқали барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш, шунингдек, ёшлар томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш механизмларини кучайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида 400 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар тақдим этилди. Ушбу материаллар алоҳида тўплам ҳолида нашр қилиниб, таълим ва ёшлар сиёсати соҳасида фаолият юритаётган тадқиқотчилар ҳамда мутахассислар учун муҳим методик манба сифатида хизмат қилади.

Умиджон Қурбонов, ЎзА