Айни кунларда пойтахтимизда йўл инфратузилмасини янгилаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича “Долзарб 90 кун” доирасидаги амалий ишлар бошланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ташкилий ишлар ҳар бир туманда амалга оширилмоқда. Ажратилган вақт давомида нафақат асфальтлаш ишлари, балки йўл белгилари, чизиқлар, бордюрлар ва жамоат транспорти бекатлари ҳам янгиланади.

Ёмғирли об-ҳаво ҳам ишларни тўхтатиб қўйгани йўқ, жараёнлар тизимли ва узлуксиз давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ суръатни пасайтирмаслик ва сифатни назорат қилиш учун мунтазам назорат ишларини олиб бормоқда.

“Долзарб 90 кун” доирасида нафақат асфальт қопламаси янгиланмоқда, балки йўл белгилари, чизиқлар, йўл четидаги тўсиқлар ва жамоат транспорти бекатлари ҳам тартибга келтирилмоқда.
Жумладан, йўл белгилари янгиланиб, пиёдалар ўтиш жойларидаги чизиқлар қайта чизилмоқда. Қиш мавсумида юзага келган носозликлар бартараф этилмоқда.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш ишлари барча туманларда давом этиб, жараёнга бир қатор махсус техникалар жалб этилган.
–Мазкур ишлар 90 кун ичида амалга оширилиши режалаштирилган, – деди Ободонлаштириш бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Шерзод Бекназаров. – Жараёнлар давомида йўл ҳаракати учун ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мавжуд бўлган чуқурликлар, пиёдалар ўтиш йўлагидаги камчиликларни бартараф этиш, катта чорраҳалардаги ақлли светофорларни тартибга келтириш режалаштирилган. Бундан ташқари туманларга қарашли маҳаллий кўчалар ҳам таъмирланади.

Ҳозирда эскириб қолган, ўз қиёфасини йўқотган йўл белгилари бирин-кетин янгиланмоқда. Мазкур тадбирлар шаҳримизни янада хавфсиз ва ҳаракатланишга қулай қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА