Тошкент вилояти Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг интернет-дўконлар орқали сотилиши ва “закладка” усулида тарқатилишига қарши қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди.
Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тезкор тадбирлар Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида амалга оширилди.

Тадбир давомида фуқаронинг кўрсатмаси асосида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган деҳқон бозори ҳожатхонаси кўздан кечирилиб, ҳожатхона ортига яшириб қўйилган, оғирлиги 20 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланди.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, мазкур шахснинг жиноий шериги Мирзо Улуғбек тумани Олмачи маҳалласи ҳудудида қўлга олинди. Ушбу фуқаронинг шахсий кўриги чоғида ўнг чўнтагидан оғирлиги 11 граммни ташкил этувчи “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани Олмачи маҳалласида жойлашган хонадон кўздан кечирилганда, ошхона қисмида 2 ўрамда жами оғирлиги 525 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Хонадоннинг ётоқхона қисмида эса гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган “zip” пакетлар, 2 дона электрон тарози, магнит мосламалари ҳамда магнит мосламалари бириктирилган 144 дона алоҳида қадоқланган ўрамлар билан бирга, оғирлиги 276 граммни ташкил этувчи “гашиш” гиёҳвандлик воситаси фош этилди.

Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА