Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда янги қурилишлар фақат комплекс тамойил асосида амалга оширилади
14:02 / 2026-03-04

Пойтахтда эндиликда барча йирик қурилиш лойиҳалари комплекс ёндашув асосида амалга оширилади. Яъни, фақат кўкаламзорлаштириш, муҳандислик-коммунал тармоқлар, ижтимоий инфратузилма, йўллар ва автотураргоҳлар билан таъминланган лойиҳаларга рухсат берилади.

Бу талаб Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида комплекс қурилиш тамойили асосида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо этиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, пойтахтда 1,5 минг гектар майдонда 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга оширилади. Уларнинг умумий қиймати 14,5 миллиард долларга баҳоланган. Мазкур мажмуалар рўйхати ҳукумат қарори билан тасдиқланган.

Рўйхатга киритилган лойиҳалар, жумладан, реновация қилиниши режалаштирилган мавзеларда қурилиш олиб бориладиган ҳудудларнинг камида 30 фоизи яшил майдонлардан иборат бўлиши шарт. Шунингдек, шаҳарда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлар — такрорий (“точечная застройка”) амалиётидан воз кечиш белгиланди.

Ушбу ёндашув шаҳарсозликда тизимлиликни таъминлаш, транспорт ва муҳандислик тармоқларига тушадиган юкламани камайтириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Қарорга кўра, танланган ҳудудлардаги қурилишлардан тушадиган инфратузилма тўловлари ва бошқа ажратмалар ҳисобидан 9 та ҳудудда янги жамоат парклари барпо этилади. Уларни "Toshkent Invest" компанияси амалга оширади. Умумий майдони 139,6 гектарни ташкил этадиган мазкур яшил ҳудудлар пойтахтнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва аҳолининг дам олиш шароитини яхшилашга қаратилган. Шаҳар миқёсида кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш орқали ҳаво сифатини яхшилаш ва «иссиқлик ороли» таъсирини камайтириш мақсад қилинган.

Шунингдек, Янгиҳаёт тумани Хўжа Учқун ва Янги Гулзор маҳаллалари ҳудудида 799 гектар майдонда, умумий қиймати 1 миллиард 670 миллион доллар бўлган «Янги авлод» саноат зонаси барпо этилади. Лойиҳа ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини жойлаштириш орқали янги иш ўринлари яратишни назарда тутади.

Таҳлилчиларнинг баҳолашича, мазкур саноат зонаси пойтахт иқтисодиётини диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришга хизмат қилади.

Шаҳарсозликда комплекс тамойилни жорий этиш пойтахтда бетартиб қурилишлардан воз кечиш, инфратузилмани олдиндан режалаштириш ва яшаш муҳитини яхшилашга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Эндиликда қурилиш лойиҳалари фақат турар жой биноларини барпо этиш билан чекланиб қолмайди. Улар ижтимоий объектлар, мактаб ва боғчалар, тиббиёт муассасалари, йўл ва муҳандислик тармоқлари билан уйғун ҳолда амалга оширилиши талаб этилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА