Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (“Green University”) сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти томонидан “BLUE” лойиҳаси доирасида ташкил этилган халқаро учрашув сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган инновацион ечимларга бағишланди.
Тадбир Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.

Асосий мавзу Орол денгизи ҳавзасида сув самарадорлигини ошириш, шўрланишнинг қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмушига таъсирини баҳолаш ҳамда иқлимга мос технологиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Мутахассислар иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқариш бўйича замонавий илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.

“Green University” ректори, профессор Бахтиёр Пўлатов ўз нутқида сув танқислиги, ер деградацияси ва тупроқ шўрланиши каби муаммоларни ҳал этишда илмий асосланган ва иқлимга мос ёндашувлар муҳимлигини таъкидлади. У SATREPS дастури ва "BLUE" лойиҳаси доирасидаги халқаро ҳамкорлик илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишда катта аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
Тадбир давомида қуёш радиациясини реал вақт режимида мониторинг қилиш, қурғоқчиликни аниқлаш ва кузатиш тизимлари, ер усти ва сунъий йўлдош маълумотлари асосида қум-чанг бўронларини таҳлил қилиш ҳамда Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш стратегиялари каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, "BLUE" лойиҳаси доирасида эришилган натижалар таҳлил қилиниб, келгуси тадқиқотлар учун устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Агробизнес ассоциацияси ҳамда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА