Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда халқаро гемология лабораторияси очилди
16:14 / 2026-02-03

Ўзбекистонда “GCI Gemological Centers” халқаро гемология лабораторияси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа юртимизда заргарлик саноатини ривожлантириш, соҳага халқаро брендларни жалб этиш ҳамда гемология йўналишида малакали мутахассислар тайёрлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Исроилдаги элчихонамиз, “News Uzbekistan” савдо-инвестиция уйи марказий идораси, Тель-Авив Олмос биржасида жойлашган GCI Гемология маркази ҳамда “Expert one” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган дастурнинг асосий мақсади гемологик экспертиза соҳасида халқаро стандартни жорий этиш, профессионал таълимни ривожлантириш ва Ўзбекистон – Исроил ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

[gallery-27455]

Янги мажмуа очилиши қимматбаҳо тошлар учун сунъий муқобиллар топиш, импорт қилинаётган заргарлик буюмлари халқаро стандартга тўлиқ мос келишини назорат қилиш ҳамда истеъмолчиларни алдаш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, лаборатория томонидан бериладиган халқаро сертификат республикамизда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари жаҳон бозори бўйлаб эркин муомалада юриши ва экспорт салоҳиятимиз ошишига замин яратади.

Лаборатория қошида ташкил этилган гемология ўқув марказида заргарлик соҳаси вакиллари қимматбаҳо тошларнинг келиб чиқиши, хусусияти ва амалда қўлланиши бўйича замонавий билим, кўникма олишлари мумкин.

Маросимда GCI раҳбарияти, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Меҳмонларга лабораториянинг техник имконияти, замонавий ускуналари ва мажмуада яратилган қулай шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим устунлиги – мобил лаборатория мижоз талабига кўра, жойида гемологик экспертиза ўтказиш, натижани тезкор таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш ва сертификат тақдим этиш имконини беради.

Мусулмон Зиё, Носиржон Хайдаров (сурат), ЎзА