Жорий йилнинг 23 декабрида пойтахтимиздаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида "Тошкент қувончлари" 10-халқаро болалар расмлари биенналеси старт олади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида ушбу халқаро тадбирга бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг ўринбосари Ф.Тошмуҳамедов "Тошкент қувончлари" халқаро болалар расмлари биенналеси наинки Ўзбекистон, балки дунё болаларига ҳам қувонч бағишлашини таъкидлади.
– Халқаро танловни ўтказишдан асосий мақсад болаларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини ошириш, улар орасидан янги иқтидорларни излаб топиш ва рағбатлантириш, Ўзбекистон болаларини дунёдаги тенгдошлари, шунинг баробарида, жаҳон болаларини ўзбек тенгқурлари ижоди билан яқиндан таништириш, улар ўртасида ижодий мулоқотни кучайтириш, дўстлигини янада мустаҳкамлашдан иборат, – деди Ф.Тошмуҳамедов. – Мазкур биеннале болаларнинг интеллектуал салоҳияти, тасаввур доирасини кенгайтириш, умумжаҳон инсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.

Бадиий академия ташаббуси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил қилиб келинаётган ушбу биенналега қизиқиш катта.
Матбуот анжуманида биеннале директори Ф.Усмонов халқаро тадбирга келиб тушган ижодий ишлар ҳақида оммавий ахборот воситаларига батафсил маълумот берди.

“Тошкент қувончлари"нинг юбилей 10-тадбирига 24 та хорижий давлатдан 1000 га яқин ижодий иш қабул қилинди.
Тадбирда “Тошкент қувончлари” ғолибларини мукофотлаш учун битта Гран–при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медали ва 30 дона эсдалик тангалари ажратилиши, барча иштирокчиларга сертификат тақдим этилиши маълум қилинди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА