Тошкентда "World Aquatics" Ижроия бюроси ўтказилади
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида ўтказилган “Uzbekistan Aquatics” федерациясининг навбатдаги ҳисобот конференциясида ўтган йили сув спорти турлари бўйича эришилган натижалар таҳлил қилиниб, жорий йилги режалар кўриб чиқилди.
Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда федерация раҳбарияти, шунингдек, терма жамоа аъзолари иштирок этган конференцияда онлайн тарзда иштирок этган ҳудудий вакиллар ўз минтақаларидаги ҳолат, мавжуд инфратузилма, спортчи ва мураббийлар таркиби юзасидан атрофлича ахборот тақдим этишди.
Йиғилишда жорий йилнинг 24 январь куни пойтахтимизда ўтказиладиган Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) Ижроия бюроси йиғилишини юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур йўналишда барча ташкилий ва техник масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбирда 2025 йилги халқаро мусобақаларда юқори натижа қайд этган Касаба уюшмалари федерациясига аъзо спортчилар тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА