Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган фотокўргазма очилди
17:18 / 2026-01-14

Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан кўргазма ташкил этилди.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ҳарбий соҳа ходимлари, ижодкорлар ва ёшлар иштирок этди.  

Тадбирда қатнашганлар “Ўзбекистон армияси: кеча ва бугун” мавзусида ўтказилган фотосуратлар кўрик-танловида ғолиб деб топилиб, намойишга қўйилган асарларни юқори баҳолади.

[gallery-27118]

Танловда ўттизга яқин профессионал ва ҳаваскор фотографлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан миллий армиямиз фаолиятига оид беш юздан ортиқ фотосурат тақдим этилди.

– Фотожурналистика ўзига хос ижодий жараён бўлиб, унда воқеа-ҳодисаларни бўрттириб ёки камайтириб кўрсатиш мумкин эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров. – Ҳар бир сурат воқеликни қандай бўлса, шундай муҳрлайди. Кўп ҳолларда ушбу асарлар вақт ўтиши билан тарихий аҳамиятга эга ҳужжатга айланади. Бугун армиямизнинг кеча ва бугунини акс эттирган суратларга назар соляпмиз. Улар орқали қисқа давр ичида миллий армиямизни ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган улкан ишларга яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Кўргазмадаги суратлар ҳарбий хизматчиларнинг жасорати ва ватанпарварлик руҳини кенг тарғиб этишга, ёшлар орасида армияга нисбатан фахр ва ҳурмат туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА мухбирлари