Бугун Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “UzMedExpo-2024” XVI халқаро тиббиёт кўргазмаси очилди.
“International Expo Group” кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Корея Республикаси, Россия ва Туркиядан 80 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этмоқда.
“International Expo Group” кўргазма компанияси менежери Гулшан Чалованинг қайд этишича, ушбу тадбир уч кун давомида ушбу соҳа вакиллари учун мулоқот майдонини яратишга хизмат қилади. Шунингдек, у нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки тиббиёт ходимлари учун соҳадаги энг илғор технологиялар билан танишиш имкониятини беради.
[gallery-19324]
–Президентимизнинг 2023 йил 6 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қатор устувор вазифалар белгиланган. Унда кўрсатиб ўтилганидек, мазкур соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, компаниямиз маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкам мақсадида ушбу анъанавий тадбирни ташкил этиб келмоқда. Кўргазма экспозициясидан тиббий техника ва асбоб-ускуналар, дори воситалари, замонавий сарф материаллари, тиббиёт саноатининг инновацион товарлари ва хизматларининг сўнгги ишланмалари ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги стендида етакчи маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотлари ва инновацион ечимларини тақдим этмоқда, –деди Г.Чалова.
“Trust medical” компанияси 8 йилдан буён Европа давлатлари, АҚШ, Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий ускуналарни мамлакатимизда ўтказилаётган кўргазмаларда намойиш этиб келади. Компаниянинг сотув бўлими менежери Азиз Акимовнинг сўзига кўра, бугунги кунда ушбу замонавий аппаратлардан юртимиз клиникаларида кенг фойдаланилмоқда.
–Биз ушбу намойишда кўплаб тиббий ускуналар қаторида Чехияда ишлаб чиқарилган неврологик касалликларни аниқлаш ва даволашда муҳим бўлган ускуналарни тарғиб қиляпмиз. Мақсадимиз мамлакатимиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишдир, –деди А.Акимов.
Эртага, яъни 19 сентябрь куни Латвия инвестициялар ва тараққиёт агентлигининг “Вирусларга қарши дори воситаларининг етакчи ишлаб чиқарувчиси “Ларифанс” компаниясининг янги маҳсулотлари” мавзусида семинари ўтказилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА