Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда “UzCharmExpoEurAsia–2025” кўргазмаси иш бошлади (+видео)
15:38 / 2025-10-28

Шу йилнинг 28–30 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”МКМда чарм, пойабзал, атторлик, қоракўл, мўйна, жун ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 19-халқаро кўргазма-ярмаркаси иш бошлади.

Кўргазма ташкилотчилари: Савдо-саноат палатаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Халқ банки томонидан тадбиркорлар маҳсулотларини тўлақонли намойиш этишлари учун барча шароитлар яратиб берилди.  

Айтиш керакки сўнгги етти йил ичида чарм-пойабзал саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг энг фаол тармоқларидан бирига айланди. Агар2017 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 560 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб, бу кўрсаткич 5.5 триллион сўмга етди. “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотлар бугун Марказий Осиё ва МДҲ бозорларида етакчи ўринни эгаллаб, халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулот сифатида тан олинмоқда. Йил давомида “Ўзчармсаноат”уюшмаси раҳбарлигида соҳа корхоналари ўнлаб халқаро кўргазма ва форумларда иштирок этди.  

Мазкур кўргазма ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, ишбилармонлик портфелини янги лойиҳалар билан бойитиш ҳамда кооперация алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, халқаро брендларни жалб қилиш, соҳа экспортини кенгайтириш ва янги инвестиция имкониятларини очишда ҳам муҳим платформа ҳисобланади.  

Бу йилги кўргазма чарм саноати бўйича Евроосиё миқёсидаги энг нуфузли бизнес ва инновация майдонига айланди. Унда Италия, Туркия, Латвия, Хитой, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон, Покистон ва Мўғулистон каби мамлакатлардан келган 30 дан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

“UzCharmExpoEurAsia–2025” нафақат компаниялар салоҳияти, маҳсулот ассортименти ва соҳадаги инновациялар билан танишиш имкониятини яратади, балки музокаралар учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.  

Кўргазма доирасида бизнес мулоқотлар, тақдимотлар, янги ҳамкорлик келишувлари ва лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, маҳсулотларни хорижга, хусусан, Европага етказиб беришни кўпайтириш, халқаро брендларни жалб қилиш, сифат сертификатларини жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Уч кун давом этадиган “UzCharmExpoEurAsia–2025” кўргазмасида маҳаллий чарм, пойабзал, атторлик, қоракўл, жун ва мўйна саноати маҳсулотларининг энг яхши намуналари тақдим этилади.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/m1l6gFJ0Oec" title="Toshkentda “UzCharmExpoEurAsia–2025” ko‘rgazmasi ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА