Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда “UzCharmExpo-EurAsia-2025” халқаро чарм маҳсулотлари кўргазмаси старт олди
16:15 / 2025-04-16

Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “UzCharmExpo-EurAsia-2025” чарм, пойабзал, атторлик, мўйна ва қоракўл ҳамда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 18-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, “Халқ банки” ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро тадбирда Марказий Осиё ҳамда Италия, Туркия, Эрон, Хитой, Россия давлатларидан 200 га яқин компания ўз имкониятларини намойиш этмоқда.

Кўргазманинг тантанали очилишида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ўринбосари Мирсаид Зоҳидов ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар масъуллари сўзга чиқиб, мазкур тадбир чарм саноатининг етакчи ишлаб чиқарувчилари учун муҳим платформага айланишини қайд этди.

Таъкидланганидек, “UzCharmExpo-EurAsia-2025” кўргазмаси нафақат маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми, балки экспорт ва инвестицияларнинг ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ўринбосари Мирсаид Зоҳидовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатимиз корхоналарининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, инвестициялар оқимини кенгайтириш, чарм саноатига қатор хорижий йирик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва халқаро брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

[gallery-22843]

– Мамлакатимизда чарм саноати ривожи йўлида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми йилдан йилга ошяпти. Дейлик, пойабзал ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилда 70,5 миллион жуфтдан 2024 йилда 205,2 миллион жуфтгача ўсди. Чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1 261,8 миллион квадрат дециметрдан 2 710,2 миллион квадрат дециметргача ошди.Чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилда 70,1 миллиард сўмдан 2024 йилда 166,9 миллиард сўмгача ривожланди. Экспорт географиясига тўхталадиган бўлсак, 2020-2024 йилларда экспорт қилинаётган мамлакатлар сони 12 та давлатдан 40 та давлатгача кенгайди. Бу халқаро бозорда миллий маҳсулотларга бўлган талабнинг ошиб бораётганини ва янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилаётганини кўрсатади. Инвестиция динамикасига кўра, 2020 йилда 105 та лойиҳа ва 187,6 миллион долларлик инвестиция жалб этилди. 2024 йилда эса 181 та лойиҳа ва 265,1 миллион долларлик инвестиция киритилди. Бу янги иш ўринлари яратилишига ва тармоқнинг ривожланишига олиб келди, – деди М.Зоҳидов.

Кўргазма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қаторида Фарғонадаги “El-Nur” корхонасининг ривожида ҳам катта роль ўйнайди. Негаки, унда чет эл компаниялари ҳам иштирок этиб, ўз тажриба ва ташаббуслари билан ўртоқлашади, мулоқот қилади ва ҳамкорлик келишувларига эришади.

– Корхонамиз 10 йиллик тажрибага эга. Биз чармдан аксессуарлар, ортопедик маҳсулотлар, сувенирлар ишлаб чиқарамиз. 8 нафар ишчимизнинг 3 нафари имконияти чекланган фуқаро ҳисобланади. Юртимизда туризм салоҳиятини оширишга қаратилаётган эътибор туфайли фаолиятимизни янада кенгайтиришга аҳамият қаратяпмиз. Яъни, хорижлик сайёҳлар эътиборини тортадиган турли сувенирлар тайёрлашни янада кўпайтирдик, – деди корхона вакили Элдорбек Матмусаев.

Тадбир иштирокчиси Сонер Ергул мамлакатимизда чарм саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли ўз имкониятини Ўзбекистонда синаб кўраётганини таъкидлади.

– Мен Туркиядаги “Элтабан” фирмасида ишлаганман. Унда биз пойабзалларнинг таг қисмини ишлаб чиқарар эдик. Ҳозир мен Андижонда “ANTAB” корхонаси раҳбари Азизбек Ҳайдаров билан бирликда уч йилдан буён ишлаяпман. Ўзбекистонга пойабзалларнинг таг қисми асосан импорт қилинган. Ушбу талаб ўрнини босувчи сифатида таг қисмлар ишлаб чиқаряпмиз. Бугунги кунда бу эҳтиёж ички бозорнинг ўзида қопланяпти. Яъни, ушбу маҳсулотнинг импорт ҳажми анча камайди, десак адашмаган бўламиз. Бугунги кўргазма биз учун маҳсулотларимизни тақдим этиш баробарида ҳамкорлар билан келишувларга эришишга қулай шароит яратади, – деди Сонер Ергул.

Кўргазма доирасида В2В, G2B, G2G форматидаги музокаралар ва учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, кўргазмада иштирок этаётган ишлаб чиқарувчиларнинг янги маҳсулотлари ва инновациялари бўйича тақдимотлар ўтказиляпти.

Кўргазма 18 апрель куни ўз ишини якунлайди.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА