Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари – “Uzbek jewellery fair – 2023” халқаро кўргазма-савдоси очилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабоев ва “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси раиси Даврон Саматов мамлакатимиз заргарлик саноати бўйича Марказий Осиёнинг етакчисига айланиб улгургани ва бугун ўз фаолиятини бошлаган халқаро кўргазма-савдоси ана шундай ишларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.
Ушбу кўргазма-савдода 20 дан ортиқ мамлакатнинг заргарлик компаниялари ўз брендларини – олтин, кумуш тақинчоқлар, олмос заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари, марварид ва марвариддан тақинчоқлар, ярим қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар каби ўз ишланмаларини тақдим этмоқда.
“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Тўйчибоевнинг сўзига кўра, жаҳон бизнес оламида заргарликнинг алоҳида ўрни бўлиб, санъат ва саноатнинг уйғунлашуви натижасида вужудга келган ушбу йўналиш кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Юртимизда бу тармоқ равнақининг ўз тарихи бўлиб, у узоқ ўтмиш билан боғлиқлиги, бетакрорлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.
[gallery-12074]
–Бу тадбир мамлакатимизда халқаро даражада ўтказилаётган биринчи кўргазма ҳисобланади. Унда маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар қатнашмоқда. Улар орасида Туркия, Италия, Грузия, Озарбайжон, БАА, Қирғизистон каби давлатлардан иштирокчи ва меҳмонлар таклиф этилган. Ҳозирги кунда юртимизда ушбу соҳада 104 дан ортиқ юридик шахс тоифасидаги корхона мавжуд. Шу билан бирга, 333 та якка тартибда тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўйган. Улар ўзининг маҳаллий брендларини шакллантириб, бугун ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Мақсадимиз ушбу халқаро тадбирнинг Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда нуфузини ошириш, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш ва улар учун катта майдон яратишга қаратилган. Қолаверса, Ўзбекистон олтин захираси бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Шу сабабли, бу захирадан тўғри фойдаланган ҳолда қўшимча қиймат қўйиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда соҳани янада ривожлантириш ва юқори натижаларга эришиш муҳим, –деди Ш.Тўйчибоев.
Кўргазма жараёнлари билан танишиш чоғида иштирокчилар билан суҳбатда бўлдик. Уларнинг бири Ўзбекистон заргарлиги санъатини, яна бири Эрон заргарлик санъатини, учинчиси эса Дубай заргарлик санъатини намойиш этаётганига гувоҳ бўлдик. Иштирокчилар ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш, соҳа янгиликларидан хабардор бўлиш ва ўз брендлари билан дунё бозорига чиқиш ягона мақсади эканини қайд этди.
Тошкент шаҳрида якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркор Жавлон Шорасулов ушбу намойишда “Nodira gold” бренди билан қатнашмоқда.
–Биз яқинда "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасига аъзо бўлдик. 10 йилдан буён заргарлик буюмларини ишлаб чиқарамиз. Ишлаб чиқарган тилла буюмларимизни “Nodira gold” бренди билан тақдим этяпмиз. Бир йил олдин дўкон очдик. Мақсад бу каби кўргазмаларда қатнашиб, ҳамкорлар топиш ва ўз брендимиз билан дунё бозорига чиқишдир, –деди Ж.Шорасулов.
БААнинг Дубай шаҳридаги “Caspianjewellery” корхонаси бош менежери Илкин Назаров айнан шу бренд остида заргарлик буюмларини тақдим этмоқда.
–Биз оилавий заргарлармиз. 1997 йилдан ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқдамиз. Кўргазмага қўйилган заргарлик буюмларини ўзимиз тайёрлаганмиз. Олтиндан турли хилдаги тақинчоқлар ясаб, уларга бриллиант тошлар билан жило берамиз. Биз Италия, Гонконг каби давлатларда маҳсулотларимизни намойиш қилганмиз, лекин юртингизда бизни илиқ кутиб олишганидан бошимиз кўкка етди, –деди И.Назаров.
Халқаро тадбир дастурига асосан Б2Б учрашувлар ташкил этилиб, маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари яратилади. Шунингдек, кўргазма доирасида “Charming East” танлови ташкил этилиб, иқтидорли ва истеъдодли заргарларнинг турли йўналишдаги ишланмалари халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиши кутилмоқда. Танлов ғолиблари “Uzbek jewellery awards” мукофоти билан тақдирланади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири