Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Шу мақсадда турли идоралар ҳамкорлигида рейдлар ўтказиляпти.
24 ноябрдан 10 декабргача Тошкент туманида ўтказилган текширувлар давомида 114 та иссиқхона кўриб чиқилди. Улардан 52 тасида иситиш мосламаларида керакли фильтрлар ўрнатилмагани аниқланди. Олдиндан берилган огоҳлантиришларга қарамасдан айримлар талабларга амал қилмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳатто 9 та иссиқхонада бу ҳолат икки ва ундан кўп марта қайтарилган.
Ишлар шу билан чекланиб қолгани йўқ. 10 декабрь куни ўтказилган навбатдаги рейдда 15 та маҳалла ҳудудида жойлашган 26 та иссиқхона текширилди. Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилмаган 24 нафар шахсга нисбатан маъмурий чора кўрилди.
Текширувлар давомида ҳавони ифлослантирувчи ҳолатлар учради. Айниқса фильтрларсиз ишлаш, маиший ёки қурилиш чиқиндиларини белгилаб қўйилмаган жойларга ташлаш, суюқ чиқиндиларни оқизиб юбориш, табиий муҳитга етказилган зарарни бартараф этмаслик ва ободонлаштириш қоидаларини бузиш каби ҳолатлар аниқланган.
Гидрометеорология хизмати агентлиги олиб бораётган мониторинг натижаларига қараганда Тошкент туманида ҳаво сифатида ижобий ўзгаришлар кузатила бошлаган. Ўрнатилган станциялар кўрсаткичлари яхши томонга ҳаракат борлигини тасдиқлаяпти.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PVSGvrF1aec" title="Toshkentda toza havo uchun kurash — issiqxonalarda tartib qat’iylashdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА мухбири