French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда “ToshTech” техника университети очилди
11:56 / 2026-01-28

Куни кеча пойтахтимизда Тошкент технологиялар техника университетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, шунингдек, халқаро ҳамкорлар – “Constructor University Bremen” (Германия) ва “Boston Consulting Group” (АҚШ) халқаро консалтинг ташкилоти вакиллари, саноат ҳамда энергетика тармоқларининг етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги “Тошкент шаҳрида “ToshTech” техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқаро стандартлар асосида янги авлод техник олий таълим муассасаси – “ToshTech” техника университети (Tashkent University of Technology) ташкил этилди. Университет Марказий Осиёда муҳандис кадрларни тайёрлаш бўйича етакчи академик ва технологик марказга айланиши кўзда тутилган.

“ТoshTech” Ўзбекистон олий таълим тизимидаги флагман миллий лойиҳа ҳисобланиб, академик мукаммаллик, амалий тадқиқотлар ва саноат билан тизимли интеграцияга асосланган муҳандислик университетининг янги моделини шакллантирмоқда. Университет STEM йўналишлари, технологик тадбиркорлик, билим ва технологиялар трансфери учун институционал платформа сифатида фаолият юритади.

Университетда таълим жараёни бакалавриат ва магистратура босқичларида муҳандислик ҳамда технологик йўналишлар бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилларида ташкил этилиши режалаштирилган. Дастлабки тўрт йилда электр муҳандислиги, саноат машинасозлиги ва автомобилсозлик муҳандислиги, материалшунослик ва муҳандислик фанлари, илғор муҳандислик ва янги технологиялар, шунингдек, муҳандислик бошқаруви йўналишлари бўйича бешта мактаб (факультет) фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланган.

Университетнинг тайёрлов дастури (Foundation) “Constructor University Bremen” (Германия) академик иштироки асосида ишлаб чиқилган бўлиб, муҳандислик таълимининг халқаро стандартларига тўлиқ жавоб беради. Ушбу ҳамкорлик ўқув дастурларининг сифати, баҳолаш ва академик назорат механизмлари, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда академик алмашинувни таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, университет Сингапур, Буюк Британия ва АҚШнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда бакалавриат ва магистратура таълим дастурларини жорий этишни режалаштирган.

“ToshTech” техника университетининг ривожланиш концепцияси, институционал модели ва таълим дастурларининг стратегик архитектураси “Boston Consulting Group” (BCG) халқаро консалтинг ташкилоти экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган. BCG университетни бошқарув модели, саноат билан интеграция, компетенция марказлари ва рақамли таълим инфратузилмасини шакллантиришда кўмаклашмоқда.

Очилиш маросими доирасида “ToshTech” техника университети ва бир қатор йирик тармоқ ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумлари имзоланди. Улар орасида “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” акциядорлик жамияти, “ACWA Power”, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти, “Яшил энергия” масъулияти чекланган жамияти, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзэнергоинжиниринг” акциядорлик жамияти бор. Ушбу ҳамкорликлар доирасида талабалар учун амалиёт, стажировка, қўшма лойиҳалар ва битирувдан сўнг ишга жойлашиш механизмларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, технологик трансформация ва саноатни модернизация қилиш жараёнлари жадаллашаётган шароитда Ўзбекистон иқтисодиётида юқори малакали муҳандис кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Ишчи гуруҳ прогнозларига кўра, яқин ўн йил ичида мамлакатнинг асосий тармоқларида қарийб 35 минг нафар муҳандис мутахассисга талаб юзага келади. “ToshTech” университети айнан шу эҳтиёжни қоплаш, энергетика, саноат, машинасозлик ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар учун замонавий муҳандисларни тайёрлашга қаратилган.

Университет фаолиятини 2026 йил сентябрь ойида тўлиқ бошлаши учун зарур инфратузилма шакллантирилган. Жумладан, 2025 йил декабрь ойида кампуснинг биринчи босқичи қуриб битказилди. Университет биносида энергия самарадор технологиялар қўлланилиб, уч қаватли икки камерали ойна, ташқи деворлар учун базальт изоляцияси, иситиш ва совитиш тизимида иссиқлик насоси ҳамда фанкойллар жорий этилди. Шунингдек, электр энергияси эҳтиёжининг бир қисми қайта тикланувчи қуёш панеллари орқали таъминланмоқда. Айни пайтда 4 минг квадрат метрдан ортиқ майдон 120 киловаттли қувватга эга қуёш панеллари орқали иситиш ва совитиш тизими билан таъминланган.

Тайёрлов дастурига дастлабки қабул жараёнида 650 нафардан ортиқ ариза келиб тушган бўлиб, улардан 200 нафар тингловчи саралаб олинди. Дастлабки дарс ва очиқ маъруза 2025 йил 20 декабрь куни бўлиб ўтган.

Шу тариқа, “ToshTech” техника университетининг ташкил этилиши Ўзбекистонда муҳандислик таълимини янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Университет фаолияти натижасида иқтисодиётнинг стратегик тармоқлари учун рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашга мустаҳкам замин яратилади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА