9-11 сентябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”нинг барча павильонларида “GlobalTextile Days” деб номланган тўқимачилик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ташкилотчи “Iteca Exhibitions” компанияси 30чи юбилей кўргазмаси муносабати билан куз мавсумининг энг йирик тадбирини ўтказишга қарор қилди. Айтиш керакки авваллари текстиль кўргазмалари бундай катта майдонда ва кўплаб йирик брендлар иштирокида ташкил бўлмаганди.
Ҳафталик давомида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари– CAITME 2025” 16-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси, тикувчилик саноатига бағишланган “TextileExpo Uzbekistan - Куз 2025” халқаро кўргазмаси, бизнес тақдимотлар, маҳорат дарслари, В2В учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Унда Aвстрия, AҚШ, БAA, Беларусь Республикаси, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Дания, Италия, Корея Республикаси, Португалия, Россия, Туркия, Хитой, Чехия, Швейцария, Япония, Қозоғистон, Ҳиндистон каби 22 давлатдан 250 дан ортиқ компания ва брендлар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
Ушбу тадбирлар Ўзбекистон тўқимачилик ва мода саноатининг Марказий Осиё ҳаби мақомини мустаҳкамламоқда. Президентимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида эълон қилинган “Долзарб 100 кунлик” чора-тадбирларига ҳамоҳангдир. Ушбу саъй-ҳаракатлар энг аввало юртимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, хорижга маҳсулот сотишни рағбатлантириш, Европа ва AҚШ бозорларига экспорт ҳажмини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу ерда энг янги технология ва ускуналарни ўрганишлари, халқаро бозорда ўз маҳсулотларини илгари суришлари, давлат берган имкониятлардан унумли фойдаланиб, йирик текстиль корхонасини ташкил этишларига кенг йўл очиб берилди.
Кўргазма ҳамкорлик, қўшма ишлаб чиқариш ва сармоя киритиш йўналишларида фаолият юритаётган тўқимачилик машинасозлигининг кўплаб етакчилари учун Ўзбекистон бозорига киришга яхшигина имконият ҳам бўлди. Шу билан бирга минтақадаги соҳа мутахассислари билан учрашиш, жаҳоннинг етакчи тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж ускуналари ва бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларининг инновацияларини амалда кўриш, маслаҳат ва техник ёрдамни олиш учун хизмат қилди.“Global Textile Days”нинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган “Бизнес-дастур” 10 сентябрь куни ташкил этилди. У “Марказий Осиё ишлаб чиқариш маркази сифатида: барқарорлик ва глобал муаммолар” мавзусига бағишланди. Тадбир ишлаб чиқарувчилар, брендлар, ритейлерлар, давлат идоралари ва экспертлар ўртасидаги динамик мулоқот майдонига айланди. Унда Марказий Осиёнинг жаҳон тўқимачилик ва тикувчилик саноатининг барқарор ва масъулиятли маркази сифатида белгилаш йўллари муҳокама қилинди. Дастур иштирокчиларига ҳаражатларни камайтириш ва фабрикалар самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган янги технологиялар, рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича амалий билимлар берилди. Янги бозорларга чиқиш стратегиялари, халқаро онлайн чакана савдо, рақамли ёрлиқлаш, сунъий интеллектни жорий этиш ва энергияни тежовчи ечимларга алоҳида эътибор қаратилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4AyX-KCaXAA" title="Toshkentda to‘qimachilik sanoati va biznes haftaligi davom etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА