Жорий йилнинг 10 февраль куни Тошкентда суд таъқиби, реабилитация ва реинтеграция (PRR) лойиҳаси Миллий маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан ташкил этилиб, Европа Иттифоқи делегацияси (ЕИ), Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик жамғармаси (GCERF), Халқаро адолат ва қонун устуворлиги институти (IIJ), шунингдек, Зўравон экстремизмга қарши курашиш бўйича халқаро илғор тажриба маркази (Hedayah) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган уч йиллик PRR дастури доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат. Лойиҳа репатриантлар билан ишлаш миллий тизимини янада такомиллаштириш, уларни реабилитация ва реинтеграция қилишнинг барқарор механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Глобал аксилтеррор форуми шафелигида ташкил этилган учта халқаро институт экспертизасини бирлаштириш ташаббуснинг асосий хусусияти ҳисобланади. GCERF маҳаллий ННТларни грантлар билан қўллаб-қувватлаш орқали фуқаролик жамиятини жалб қилишни таъминлайди, Hedayah стратегик алоқалар ва таълим дастурларини назорат қилади ва IIJ қайтиб келганлар билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмлари ва институционал амалиётларини такомиллаштиришга ёрдам беради. Ҳамкорликнинг бундай формати Ўзбекистоннинг ноёб методологиясини кенгайтириш ва халқаро ҳуқуқий, ижтимоий ва коммуникация стандартларини бирлаштириш имконини беради.
Йиғилишда сўзга чиққан СМТИ директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаев халқаро қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон эришган натижаларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганидан далолат беришини таъкидлади. «Мамлакатимиз репатриация таҳдид эмас, балки барқарорликка сармоя эканлигини амалда исботлади», — деди эксперт. Унинг сўзларига кўра, қурилган модель гуманитар ёндашув ва хавфсизликни таъминлашнинг узоқ муддатли вазифаларини бирлаштиради.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси дастурий менеджери Яна Курпица лойиҳа қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича миллий дастурларни кучайтириш ва мамлакатнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
БМТ Аксилтеррор бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси Карина Тимшина Реабилитация ва реинтеграция масалалари бўйича минтақавий экспертлар кенгаши фаолиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Кенгаш бу борадаги минтақавий саъй-ҳаракатларни сезиларли даражада фаоллаштиради.
PRR лойиҳасини амалга оширишнинг фаол босқичи АҚШ элчихонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси, ЮНИСЕФ ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Учрашув якунида GCERF, Hedayah ва IIJ вакиллари лойиҳани амалга оширишнинг 2026 йилга мўлжалланган батафсил режасини эълон қилдилар. Йиғилиш иштирокчилари белгиланган тадбирларнинг самарали ва мувофиқлаштирилган ҳолда бажарилишини таъминлашга қаратилган амалий тавсиялар тўпламини шакллантирдилар.
Умуман олганда, Кенгашнинг биринчи йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилиши ҳамкорликни институционаллаштиришда муҳим қадам бўлди ва мамлакатнинг репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасида тизимли ва комплекс ёндашувга содиқлигини тасдиқлади.
ЎзА