Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда субминтақавий тупроқ ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди
12:54 / 2023-05-26

Глобал тупроқ ҳамкорлиги (GSP), Субминтақавий Евроосиё тупроқ ҳамкорлиги (EASP) ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси биргаликда тупроқ ресурсларини барқарор бошқаришни янада ривожлантириш мақсадида Тошкентда EASPнинг олтинчи ялпи мажлисини ташкил этди.

Тадбирнинг мақсади Евроосиё мамлакатларида ердан барқарор фойдаланиш ва ресурсларни бошқаришни рағбатлантириш бўйича EASP фаолиятини қайта тиклаш, шунингдек, минтақадаги тегишли устувор йўналишларни аниқлаш ҳисобланади.

Йиғилиш давомида Евроосиёдаги 12 та мамлакат вакиллари имконият ва истиқболларни, шунингдек, минтақада тупроқ ресурсларини барқарор бошқариш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш йўлидаги мавжуд тўсиқларни муҳокама қилди.

Бундан ташқари, ялпи мажлис иштирокчилари аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва билим алмашиш чора-тадбирлари тўғрисида келишиб олдилар. Евроосиё тупроқ ҳамкорлиги мажбуриятлари ўз ичига олган Тошкент коммюникеси қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Субминтақавий Евроосиё тупроқ ҳамкорлигининг янги иш режаси кўриб чиқилиб, келишувга эришилди, янги раис ва раис ўринбосари ҳам сайланди. Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ер ресурсларини бошқариш қўмитаси раиси ва мамлакатнинг Глобал тупроқ шериклиги бўйича координатори Мурат Темиржанов янги раис этиб сайланди. Беларусь Давлат университети Тупроқшунослик ва геоинформация тизимлари кафедраси мудири ва Глобал тупроқ ҳамкорлиги Миллий координатори Александр Черван эса раис ўринбосари бўлди.

Учрашув якунида Евроосиё тупроқ ҳамкорлиги координатори Наталия Родригес Эухенио шундай деди: “Мен барча масъул ходимларга Субминтақавий Евроосиё тупроқ шериклигининг олтинчи ялпи мажлисида фаол иштирок этгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу жуда самарали учрашув бўлди ва мен бошқарув вакиллари янгиланганидан хурсандман.

У, шунингдек, янги иш режасини муваффақиятли амалга ошириш ва минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлиги ва тупроқ саломатлигига таҳдид соладиган асосий экологик муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликда ҳаракат қилиш ва ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлашиш кераклигини таъкидлади.

 

Б.Худойбердиев,

ЎзА