Тошкентда ШҲТ ҳудудлари форуми бошланди
Пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудлар раҳбарлари иштирокида "ШҲТга аъзо мамлакатлар минтақалараро савдосини ривожлантириш истиқболи" мавзусига бағишланган форум бошланди.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад ШҲТга аъзо давлатлар эътиборини туризм, маданият ва қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш масалаларига жалб этиш.
Мамлакатимиз инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев "Ҳудудлар раҳбарлари форуми" ШҲТга аъзо мамлакатларга минтақани янада ривожлантириш билан боғлиқ истиқболли йўналишларни ҳар томонлама кўриб чиқиш имконини берадиган мулоқот майдони эканига алоҳида урғу берди.
Анжуман дастурига мувофиқ, куннинг иккинчи ярмида ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудлари ўртасида қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни, шунингдек маданий-гуманитар алоқани ривожлантириш бўйича шўъба йиғилишлари бўлиб ўтади.
У.Маҳмирзаев, ЎзА