Самарқанд вилояти туризм соҳаси вакиллари пойтахтлик туроператорларга янги хизматлар ва сайёҳлик йўналишлари тақдимотини ўтказиш мақсадида Тошкентга келди.
Тақдимот доирасида самарқандлик вакиллар вилоят тарихи бўйича қисқача маълумот берди, машҳур диққатга сазовор жойлар билан боғлиқ қизиқарли фактлар ҳақида сўзлаб берди ва унчалик машҳур бўлмаган маданий объектларни тарғиб этишда кўмаклашишларини сўради.

Бу ерда шунингдек, янги сайёҳлик йўналишлари, экологик ва гастрономик туризм имкониятлари намойиш этилди. Тадбир давомида доимий равишда ривожланаётган ва янгиланаётган замонавий туризм инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида сайёҳларнинг ҳудудда бўлиши ва ҳаракатланишини имкон қадар қулай қилишга қаратилган туристик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Меҳмонхона ва меҳмон уйлари сонининг ортиши соғлом рақобатни юзага келтириб, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига сабаб бўлади. Эндиликда меҳмон уйини очиш ва уни сайёҳлар топиб келиши ёки танлашини шунчаки кутиб ўтиришнинг ўзи етарли бўлмайди. Бунда шинамлик, қулайлик ва ўзига хослик устувор аҳамият касб этади.
Тақдимотдан сўнг иштирокчилар келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА