Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси иш бошлади
18:37 / 2024-12-10

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Бу йил ярмаркада 4 минг 600 дан зиёд корхона қатнашиб, 6 мингдан кўп турдаги маҳсулот намойиш этилмоқда. Ушбу маҳсулотлар саноат турли соҳаларини қамраб олади. 

Ярмарка Ўзбекистоннинг ички иқтисодиётни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги позицияларини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик йўналишини яққол акс эттиради.

Ташкилотчилар инклюзивлик ва ижтимоий масъулиятга катта эътибор қаратмоқда. Илк бор ярмаркада имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватловчи корхоналар учун махсус жой ажратилди. Ушбу секторда 43 та компания томонидан 350 дан ортиқ маҳсулот намойиш этиляпти. Бу мамлакатимизнинг барча иқтисодиёт иштирокчилари учун тенг имкониятлар яратишга содиқлигини кўрсатади.

Ярмарканинг кўргазма қисми билан бирга, B2B ва G2B форматидаги музокаралар учун ҳам майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда иштирокчилар қатор шартномалар тузиш имкониятига эга. Дастлабки маълумотларга кўра, 2 минг 700 га яқин келишув имзоланиши кутилмоқда. Ушбу келишувлар йирик тармоқлараро лойиҳалардан тортиб, иқтисодиётни модернизация қилиш ва диверсификация қилишга қаратилган хусусий инвестиция ташаббусларигача бўлган йўналишларни қамраб олади.

Ярмарканинг яна бир муҳим жиҳати – бу нафақат мавжуд ютуқларни, балки Ўзбекистон саноатини ўзгартиришга қаратилган узоқ муддатли лойиҳаларни намойиш этишдир. Хусусан, 2025 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган 2 минг 158 дан ортиқ ташаббуслар тақдим этилмоқда. Бу лойиҳалар саноат кооперациясини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган бўлиб, мамлакатнинг барқарор ривожланишга интилишини намоён этади.

Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси нафақат миллий иқтисодиёт ютуқларини кўрсатади, балки бозорнинг барча иштирокчилари ўртасида мулоқот учун ноёб шароитлар яратади. 

Ярмарка 13 декабргача давом этади.

Б.Худойбердиев, ЎзА