Шу кунларда пойтахтимиздаги Ўзбекистон регби федерациясида регби спорт тури бўйича мураббий ва мутахассислар учун ўқув-семинар машғулотлари ўтказилмоқда
Унда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг 10 нафардан ошиқ тажрибали мутахассислари ва бир қатор ҳаваскор регби мураббийлари иштирок этмоқда
Машғулотларни халқаро тоифадаги регби мутахассиси, Осиёда регби мусобақаларини ташкиллаштириш ва ривожланиш маркази маслаҳатчиси Гейт Жалажел ва Халқаро регби федерацияси мутахассиси Сами Смара олиб бормоқда.

-Мазкур семинарда регби мураббийларига машғулотларни олиб бориш, техник-тактик кўникмаларни шакллантириш ва спорт турининг методологик хусусиятлари ўргатилмоқда. Машғулотларда самарали иштирок этиб, зарур кўникмаларга эга бўлган иштирокчиларга халқаро регби федерациясининг сертификатлари тақдим қилинади. Ушбу семинарнинг Ўзбекистонда ташкил этилиши ва унда қўшни давлат вакилларининг ҳам иштирок этаётганлиги мамлакатимизда регби спортининг ривожига салмоқли таъсир кўрсатади, –дейди регби бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Данил Куликов.

Эртага ўтказиладиган сўнгги семинар машғулотларидан кейин синовлардан муваффақиятли ўтган мутахассисларга сертификатлар тақдим этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА