2025 йил 20 декабрь куни Тошкент шаҳрида ижтимоий соҳада давлат инвестицияларини бошқариш бўйича Геопортал (geoasr.uz) маълумотлари асосида аҳолига йўналтирилган рақамли ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган Миллий ҳакатоннинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир фуқароларга ижтимоий инфратузилма сифати ва давлат инвестицияларининг самарадорлигини мониторинг қилишда иштирок этиш имконини берувчи рақамли воситаларни яратишга қаратилган.

Ҳакатоннинг асосий мақсади мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари, йўллар ва давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бошқа ижтимоий объектлар бўйича аҳолидан келиб тушадиган фикр-мулоҳазаларни тизимли равишда йиғиш ва таҳлил қилишни таъминловчи рақамли иловалар ва модуллар прототипларини ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбир доирасида иштирокчилар фуқаролардан узлуксиз фикр-мулоҳаза олишни таъминлаш, объектлар бўйича баҳолар ва фикрларни харита орқали визуализация қилиш, давлат инвестицияларининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, давлат бошқаруви органлари учун таҳлилий маълумотларни шакллантириш каби вазифаларни қамраб олган ечимлар устида иш олиб бормоқда.

Ҳакатон икки босқичда ўтказилмоқда. Биринчи босқич — «Идеятон» доирасида иштирокчилар Геопортал маълумотларидан фойдаланган ҳолда рақамли ечимлар ғоялари ва концепцияларини ишлаб чиқади.
Саралаш натижаларига кўра, энг яхши ғоялар иккинчи босқич — Ҳакатонга ўтади. Бу ерда жамоалар менторлар кўмагида функционал прототиплар яратади.
Ҳакатон якунида фуқаролар учун мобил иловалар, Геопорталда фикр-мулоҳазаларни визуализация қилиш модуллари, соҳавий вазирлик ва идоралар учун таҳлилий дашбордлар тақдим этилиши кутилмоқда.
Лойиҳалар экспертлар ҳайъати томонидан амалий қўлланиш имконияти, технологик жиҳатдан амалга оширилиши ва миллий миқёсда жорий этиш салоҳияти нуқтаи назаридан баҳоланади.
Тадбир ёшларнинг GovTech, геоахборот тизимлари ва маълумотлар таҳлили соҳаларидаги салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, энг яхши ечимлар давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини таъминловчи янги рақамли механизмларни жорий этиш учун асос сифатида қўлланилиши мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА