Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда қурилаётган тиббиёт муассасаси атрофидаги гап-сўзлар: янги бино беморларга қай даражада хизмат қилади?
10:11 / 2022-11-26

Пойтахт марказида жойлашган, тиббиёт муассасалари орасида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3 та шифо маскани – Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент шаҳар онкология маркази ҳамда Тошкент вилояти онкология марказининг бирлаштирилиши, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудига янги бино қурилиши билан боғлиқ жараёнлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогер ва журналистларда бир қанча ҳақли саволларни келтириб чиқармоқда.

ЎзА мухбири сўнгги кунларда кенг муҳокамаларга, баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мазкур масала юзасидан мутасаддиларнинг изоҳини эшитди.

Гап шундаки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида онкологик касалликлар билан оғриган беморлар учун 370 ўринга эга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, 250 ўринга эга Тошкент шаҳар онкология маркази ҳамда 240 ўринга эга Тошкент вилояти онкология маркази фаолият юритиб келмоқда.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида жами 844 нафар, Тошкент шаҳар онкология марказида 508 нафар, Тошкент вилояти онкология марказида эса 432 нафар ходим ишлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрулло Иноятовнинг сўзларига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 1968 йил барпо этилган бўлиб, бугунги кунга қадар бирор марта капитал таъмир ва реконструкция ишлари бажарилмаган. Фақат 2019 йилда ҳудуддаги Марказий поликлиникада реконструкция ишлари амалга оширилган.

Марказнинг Тошкент шаҳар филиали бино-иншоотлари 1961 йилда барпо этилган бўлиб, сўнгги бор 2012 йилда Инвестиция давлат дастури орқали тўлиқ реконструкциядан чиқарилган.

Марказнинг Тошкент вилояти филиали эса 1926 йилда барпо этилган бўлиб, 2008-2009 йилларда Инвестиция давлат дастури орқали тўлиқ реконструкция қилинган. 2017 йилда филиал ҳудудида патоморфология бўлими биноси қуриб фойдаланишга топширилган.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнги икки йил давомида онкология муассасаларига бир неча бор ташрифлар амалга оширилиб, соҳа олдида турган муаммо ва камчиликларнинг ечими юзасидан аниқ вазифалар берилган эди, – деди Амрулло Иноятов Олмазор туманидаги "Шифокорлар" кўчасида барпо этилаётган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплексига ташкил этилган пресс-тур доирасидаги мулоқотда. 

– Қайд этиш лозимки, охирги беш йил ичида давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид 4 та, ҳукуматнинг эса 3 та қарори тасдиқланиб, ижроси таъминлаб келинмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 27 май ҳамда 27 июлдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш, Молия ва Қурилиш вазирликларига Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида замонавий янги бино-иншоотлар комплексини қуриш ва жиҳозлаш вазифаси топширилган. Мазкур янги барпо этилаётган комплекснинг қуввати 650 стационар ва 100 та кундузги стационар ўриндан иборат бўлади. Объект 2023 йилнинг 1 апрелига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, мазкур қарор билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази комплекс фойдаланишга топширилгандан кейин унга ушбу марказнинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиалларини қўшиш йўли билан қайта ташкил этилади.

Янги шифохонадаги ўринлар сонининг ҳозирги 3 та марказдагига нисбатан кам бўлиши беморларга халқаро тажрибага монанд, юқори тиббий хизмат кўрсатилиши ҳамда муолажаларнинг замонавий ёндашувлар асосида амалга оширилиши билан изоҳланди. Яъни бемор бугунги кунда 10-20 кунлаб шифохонада ётиб даволанаётган бўлса, янги бино имкониятлари беморнинг 3-7 кунда саломатлигини тиклаб, шифохонадан чиқиб кетишини таъминлайди, – деди Амрулло Иноятов

 – Ҳозирги пайтда бемор химия терапия олиши учун энг камида 3, кўп ҳолларда 5-6 кун ётади. Учала марказда ҳам беморнинг химия терапия олиши учун ҳамшираларнинг ўзлари дори тайёрлайди ва бу дорилар бир кун олдин тайёрланади. Химия терапияда беморга бир эмас, 3-4-5 тагача дори навбатма навбат қуйилади. Янги марказда эса подвалда махсус дорихона бўлади. Ўша ернинг ўзида махсус контейнерларда дорилар тайёрланади. Бемор ўзига қулай тарзда стационар шароитда пешингача химия терапиясини олади, пешиндан кейин уйига кетаверади, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиолигия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов. 

Дарҳақиқат, комплексда 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади. Беморлар учун дори-дармон тайёрлаш ва етказишнинг янгича тизими амалиётга татбиқ этилади.

Хўш, қолган икки марказ раҳбарининг бу борада фикрлари қандай? Улар ҳам ушбу ташаббусга хайрихоҳми?

– Филиалимиз 80 нафар қатновга мўлжалланган, – дейди Тошкент шаҳар онкология маркази директори, профессор Миржалол Жўраев. – Муассасамизга келган беморлардан ташхис қўйиш учун бир қанча таҳлилларни олишимиз керак бўлади. Уларнинг кўпига бизда имкон йўқ. Шунинг учун бемор шикоят қилмасин, қор-ёмғирли кунда қатнаб қийналмасин деб, ётқизиб қўямиз. Беморга ташхис қўямиз, дегунча 6-7 кун вақт кетади. Агарда уни очиқ усулда операция қиладиган бўлсак, яна икки ҳафта ётади. Янги қурилаётган замонавий шифохонада эса тартиб умуман бошқача бўлади. 500 қатновга мўлжалланган поликлиникада бемор келиши билан ўша куннинг ўзидаёқ барча таҳлилларни олишга, керакли аппаратларга туширишга имкон бўлади. Худди чет эл клиникаларидагидек, бемор бугун келади, пешингача текширувдан ўтади, керак бўлса, ўша куни кечқурун операция қилинади. Мана шунинг ҳисобига беморларнинг ётадиган кунлари 22-20-18 кундан 4-5, узоғи билан 6 кунга қисқаради. Химия терапия масаласику 1-2 кунда ҳал бўлади. Ҳозирги пайтда бемор химия терапия олиши учун ҳам ҳар 3 ҳафтада шифохонага қайтиб келади. Ҳар сафар беморни текширувлардан ўтказиш, таҳлил олиш керак. Буни стационар шароитда бажаришга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам ҳозир ётоқ ўринларимиз беморлар билан тўла. Янги марказда яратилган шароитлар сабабли мана шу текширувларни амбулатор шароитида қилишга имкон бўлади. Янада соддароқ тушунтирсам, Тошкент шаҳар филиалимизда барча шарт-шароит бўлганида ҳозирги пайтда 250 беморнинг, нари борса, 100, 120 нафари ётиб даволанаётган бўларди. Мана шунақа ноқулайликлар ҳисобига, амбулатор шароитда беморлармиз талабини бажара олмаганимиз учун улар узоқ вақт ётиб қолишига тўғри келяпти. Янги барпо этилаётган марказда замонавий шарт-шароит яратилади. Бу албатта, шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам жуда қулай бўлади.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, барпо этилаётган онкология маркази комплексида амалдаги Марказда бўлмаган мутлақо янги: стереотаксис радио-жарроҳлик (бош мия саратонини даволаш), чизиқли тезлатгич орқали нур терапияси, позитрон-эмиссион томография (ПEТ-КТ), ядро изотоплари билан ташхислаш ва даволаш амалга оширилувчи ядро тиббиёти, юқори дозали кимё ва иммуно терапияси, кўп функцияли ангиография (кам инвазив, эндовизуал ва интервенцион жарроҳлиги учун), суяк ўзак ҳужайралари трансплантацияси ҳамда молекуляр генетик лаборатория каби ўндан ортиқ янги бўлимлар ташкил этилади.

Айни пайтда барпо этилаётган янги онкология комплексини самарали ташкил этиш мақсадида Жанубий Корея, Туркия давлатларининг етакчи эксперт гуруҳлари иш олиб бормоқда. Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 октябрдаги тегишли қарорига асосан, амалдаги онкология маркази бино-иншоотларини электрон онлайн аукцион савдоларида реализация қилишдан тушган маблағлар онкология маркази комплекси қурилишига йўналтирилади.

Онкология марказининг қурилиш ишларини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Янги онкология маркази комплексининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 600 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Ушбу комплексни замонавий тиббий воситалар билан жиҳозлаш учун Ислом тараққиёт банкининг 80,0 миллион АҚШ доллари йўналтирилмоқда.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, объект қурилиши тендерда эмас, балки «энг яхши таклиф асосида» тажрибали қурилиш компаниясига тегишли ҳужжатга кўра ишониб топширилган.

Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга ойдинлик киритиш мақсадида ташкил этилган пресс-тур доирасидаги мулоқотда журналистларнинг шу каби айрим саволлари очиқлигича қолди.



Моҳигул Қосимова, ЎзА