Юқумли касалликларнинг олдини олишда вакцинация энг самарали ва ишончли усул ҳисобланади. Шу боис жорий йилнинг 2–14 февраль кунлари Тошкент шаҳрида “Қизамиққа қарши оммавий эмлаш — Иммунизация ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади — аҳоли, айниқса болалар орасида умумжамоа иммунитетини шакллантириш ва касаллик тарқалишининг олдини олишдан иборат.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Иммунопрофилактика бўлими мудири Вазира Муталовага кўра, вакцина инсон организмида иммунитет ҳосил қилиб, оғир асоратлар ва ўлим хавфини кескин камайтиради. Эмлаш орқали нафақат болалар, балки кексалар ва ҳомиладор аёллар каби ҳимояга муҳтож қатламлар ҳам муҳофаза қилинади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, агар вакциналар бўлмаганда, оддий инфекциялар ҳам оғир шаклга ўтиб, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатларни келтириб чиқарар эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эмлаш хавфли касалликларнинг олдини олишда иқтисодий жиҳатдан энг самарали усул ҳисобланади. Полиомиелит, қизамиқ, кўк йўтал, бўғма ва бошқа юқумли касалликлар айнан эмлаш орқали назорат қилинади.
Вазира Муталовага кўра, қизамиқни эмлаш орқали 100 фоиз олдини олиш мумкин. Бироқ вакцина қамрови пасайса, вирус жуда тез тарқалади. Касалликни тўлиқ жиловлаш учун эмлаш даражаси камида 95 фоизни ташкил этиши зарур.
“Иммунизация ҳафталиги” доирасида барча оилавий поликлиникаларда эмлаш ишлари ташкил этилди. Санэпидқўмита томонидан захирадаги қизамиқ вакцинаси эҳтиёжга кўра тақсимланиб, эмлаш пунктларига етказилди.
Ҳафталик давомида:
• 6 ойликдан 1 ёшгача бўлган болалар;
• 1 ёшдан 7 ёшгача эмланмаган ёки фақат бир марта эмланган болалар;
• 30 ёшгача бўлган катталар эмланмоқда.
Ҳар бир бола эмлашдан олдин шифокор кўригидан ўтказилмоқда. Тиббий чеклов берилган болалар рўйхати тузилиб, соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда ва соғайгандан сўнг эмлаш тавсия этилмоқда. Эмлаш хоналари ва ҳаракатдаги бригадалар бир марталик шприц ва зарур дори воситалари билан таъминланган. Эмлашдан кейин болалар уч кун давомида патронаж кузатувига олинмоқда.
Таъкидлаш жоиз, касаллик оқибатлари билан курашишдан кўра
унинг олдини олиш анча самаралидир. “Иммунизация ҳафталиги” — бу аҳолига эмлашнинг аҳамиятини яна бир бор эслатиш, болаларни хавфли инфекциялардан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим профилактик тадбирдир. Вақтида қилинган эмлаш нафақат болалар, балки бутун жамият саломатлигини муҳофаза қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BwAfAJ-dM9k" title="Toshkentda qizamiqqa qarshi ommaviy emlash boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, ЎзА