Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви билан марказий Осиёда муҳим орнитология йўлакларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда турли иқлим ва экотизимлар — чўллар, тоғлар, водийлар ва сув ҳавзалари мавжуд бўлгани учун турли хил қушлар учраб туради.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 500 турга яқин қуш мавжуд. Булардан 50 турдаги қушлар Қизил китобга киритилган, яъни ноёб қушлар ҳисобланади.


Бундан ташқари мамлакатимиз ҳудудига доимий равишда ёки миграция вақтида келадиган тахминан 480 га яқин қуш тури борлиги аниқланган. Ҳар бир қуш тури табиатнинг ажойиб мозаикасида уникал бўлган бир қисмдир ва уни асраш биз учун табиатни асраш демакдир.


Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Тошкентдаги Адиблар хиёбонида “Қишда қушларга кўмак” акцияси ўтказилди. “Халқаро қушларни озиқлантириш куни”га бағишлаб ўтказилган тадбирда экофаоллар, мактаб ўқувчилари, волонтёрлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Акция давомида ёш ўғил-қизлар томонидан ўзлари ясаган қуш инлари дарахтларга қўйиб чиқилди. Шунингдек, қушлар учун озуқа маҳсулотлари тарқатилди.

"Қишда қушларга кўмак" акцияси республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилди. Унда жами 1 минг 400 га яқин ёш экофаол қатнашди. Бунда белгиланган ҳудудларда қушларнинг қишда озиқланишини осонлаштириш мақсадида турли озуқа маҳсулотлари сепилди ҳамда қуш инлари ўрнатилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қишнинг совуқ кунларида нафақат қушлар, умуман ёввойи фауна вакилларининг яшаш шароитини осонлаштириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилади. Ҳар йили қушларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади ва бунда асосан ёшлар жалб қилинади. Мақсад нафақат қушларни сақлаб қолиш, балки бевосита ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА