Бугун Тошкентда Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) Ички аудит ҳамжамиятининг навбатдаги ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу ялпи мажлисда маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар “Давлат ички молиявий назоратининг давлат секторидаги ислоҳотлар билан ўзаро боғлиқлиги ва уларни мувофиқлаштириш” мавзусида фикр алмашди. Унда халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари, шунингдек, мамлакатимизда ички аудит соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси ва натижаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров мамлакатимизда давлат ички аудит тизими ислоҳоти доирасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
–Мазкур ялпи мажлиснинг Ўзбекистонда ўтказилиши юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу давлат молиявий назорати соҳасида амалга оширилаётган ишлар самараларини муҳокама қилиш орқали келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш ҳамда халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг экспертлари, амалиётчилари билан ўзаро фикр ва тажриба алмашишда янада аҳамиятлидир, –деди А.Ҳайдаров.
Шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва Ички аудит ҳамжамиятининг ижро қўмитаси раиси Татьяна Трайковска Европа минтақаси ва Марказий Осиё мамлакатларида давлат молиясини бошқариш бўйича ҳалқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) ҳамда Ички аудит ҳамжамияти доирасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган ютуқларни таъкидлаб ўтди.
Улар қайд этганидек, PEMPAL таълим дастури 2006 йилда Жаҳон банки томонидан ташкил этилган. Мазкур дастур Марказий Осиё ва Европа минтақасидаги 23 та мамлакатнинг Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш, қиёсий таҳлил қилиш ва таълим семинарлари ўтказиш орқали маҳаллий мутахассисларнинг билим-кўникмаларини оширишга кенг йўл очиб беради.
Тадбирнинг биринчи кунида давлат ички аудити ва давлат бошқаруви ҳамда давлат молиясини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларнинг ўзаро таъсири ва мувофиқлаштириш бўйича тақдимотлар ташкил этилди ҳамда бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили ҳамда гуруҳлар муҳокамаси ўтказилди. Шунингдек, Жаҳон миқёсида ҳамда PEMPAL Ички аудит ҳамжамиятига аъзо мамлакатларда ички аудит ва ички назорат соҳасида сўнгги янгиликлар ҳам тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, PEMPAL Ички аудит ҳамжамиятининг ялпи мажлиси 19 октябрь куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА